Фарғонада Германия тажрибаси асосида саноат тармоқлари учун малакали мутахассислар тайёрланади
Фото: Халқ сўзи
Шу кунларда Германия трикотаж ишлаб чиқарувчилар конфедерацияси (Gesamtmasche) ҳамда “Sequa” халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ташкилоти вакиллари Фарғона вилоятида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида учрашувлар ўтказмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги қабуллар уйида бўлиб ўтган учрашувда бу борада қатор ташаббуслар илгари сурилди. Вилоятда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш орқали замонавий технологиялар ёрдамида ишловчи мутахассислар тайёрлаш лойиҳаси улардан биридир.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда мамлакатимиз саноат тармоғи жадал ривожланяпти. Айни жараёнда меҳнат бозорида рақобатбардош ўрта бўғин мутахассислари тайёрлаш ҳамда малакасини оширишга катта эҳтиёж бор.
Фарғона вилояти ҳокими билан суҳбатда Германия трикотаж ишлаб чиқарувчилар конфедерацияси бош менежери Силвиа Жангбауер 2022 йили октябрь ойида вилоятга ташрифи давомида текстиль соҳасида ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа янада такомиллаштирилганини таъкидлади. Бу лойиҳа Ўзбекистонда биринчи бўлиб Фарғонада амалга оширилиши учун зарур тайёргарлик ишлари олиб борилганини маълум қилди.
Учрашувда Қўштепа туманида жойлашган «Оқтепа» кичик саноат зонасидаги “Global Tekctayl infiniti” корхонасида ташкил этилган Мухандислик мактаби билан ҳам ўзаро ҳамкорликда ишлаш таклифи маъқулланди.
Шунингдек, вилоятдаги саноат соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтаётган мулоқотлар давомида Фарғонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Германия ва Европа давлатларига экспорт қилишга кўмаклашиш борасида музокаралар олиб борилмоқда.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг