Фарғонада «ЕRМАК» бренди остида маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг янги тармоғи ишга туширилди
Фарғона шаҳридаги Қиргули мавзесида жойлашган саноат зонасида «ERMAK-ALO» МЧЖ тасарруфидаги меваларни қайта ишлаш корхонаси иш бошлади.
Янги корхонанинг ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят фаоллари, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур корхонада умумий қиймати икки миллион долларга тенг бўлган истиқболли лойиҳа доирасида 100 та янги иш ўрни яратилишига эришилди. Жаҳон андозалари даражасида фаолият олиб борувчи корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар орқали ички бозор эҳтиёжини тўлдириш, шу билан бирга, экспорт қилиш ҳам режалаштирилмоқда.
Ўз навбатида йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини икки миллион долларга етказиш ва яқин истиқболда экспорт ҳажмини салмоқли даражада ошириш мақсад қилинган.

— Корхонамизда иш жараёни хориждан келтирилган замонавий технологиялар, илм-фан ютуқлари ҳамда инновация усулларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилади, — дейди лойиҳа ташаббускори, тадбиркор Валижон Салиҳов. — Шу боис маҳсулотларимиз аллақачон брендга айланиб, юртимизда ва жаҳон бозорида ўз харидорларига эга бўлган.
Айни пайтда тармоқ корхоналаримизда ишлаб чиқарилаётган кенг ассортиментдаги маҳсулотлар дунёнинг 15 га яқин мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореяда компаниянинг савдо офислари фаолияти йўлга қўйилган.
Эзгу мақсадга кўра, юртимиз ҳудудлари бўйлаб истиқболли лойиҳалар ҳам фаол амалга ошириб келинмоқда. Айни пайтда тармоқ корхоналарида 800 дан ортиқ юқори даромадли иш ўринлари яратилган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг