Фарғона вилояти ва Жанубий Кореянинг Ёнгин шаҳри тадбиркор аёллари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди

21:12 22 Март 2023 Сиёсат
948 0

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Жанубий Кореянинг йирик шаҳарларидан бири – Ёнгин шаҳри мери ўринбосари Хван Джун Ки бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида Фарғона ва Ёнгин ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш истиқболлари муҳокама қилинди.

2008 йилда Фарғона вилояти билан биродарлашган шаҳар келишувини имзолаган Ёнгин Жанубий Кореянинг «ақлли шаҳар» концепциясига уйғун ҳолатда энг тез ривожланаётган шаҳарларидан бири саналади. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 25 миллиард долларга тенг, ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришда дунёда етакчи ўринда туради. Бундан ташқари, Ёнгинда йилига 7 миллионга яқин киши ташриф буюрадиган Жанубий Кореядаги энг йирик «Everland» кўнгилочар парки ҳамда «Caribbean Bay» аквапарки, Корея Республикаси миллий боғи жойлашган.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегациясининг 2022 йил март ойида Жанубий Кореяга ташрифи доирасида Ёнгин шаҳри мери Пек Кун-ки бошчилигидаги расмийлар билан учрашув ўтказилиб, икки ҳудуд ўртасида алоқаларни ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликка айлантириш, савдо ва инвестициявий алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинган эди.

Ушбу келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокамаси ҳам бугунги учрашув кун тартибидан ўрин олди.

Музокаралар чоғида шунингдек Фарғона ва Ёнгин ўртасида аёллар тадбиркорлиги бўйича ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ёнгин шаҳри Саноат ва тижорат палатаси ҳузуридаги Тадбиркор аёллар уюшмаси билан Фарғона вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўртасида ўзаро Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Жанубий Кореялик меҳмонлар икки кун давомида Фарғона шаҳридаги экошаҳар массиви қурилиши, «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси, Учкўприк туманидаги Бобошбек савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси фаолияти, шунингдек, Риштон ва Марғилон ҳунармандчилиги билан танишади.

Шунингдек, меҳмонлар вилоятда бўлиб ўтаётган Наврўз байрами тантаналарида иштирок этишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер