Фарғона туманида ижтимоий хизматлар кўрсатиш даражаси юксалмоқда
Фарғона туманида аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатувчи вилоятдаги ўн иккинчи “Инсон” маркази биноси фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Таъкидланганидек, юртимизда кейинги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳаётини яхшилаш борасида жаҳон андозалари даражасида қулайликлар муҳайё этилмоқда.
— Биргина ўтган йилнинг иккинчи ярмида туманда 50 нафарга яқин фуқарога ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси ҳамда 25 турдаги протез-ортопедия маҳсулотлари етказилди, — дейди Фарғона тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Умиджон Йўлдошев. — Шунингдек, жорий йилнинг январь ойида 5 нафар фуқаро электр билан ҳаракатланадиган аравача, эшитиш мосламаси ва қўлтиқтаёқ билан таъминланди. Марказ томонидан 87 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган шахсга республикадаги 11 та санаторий ва сиҳатгоҳларга ҳамда 8 нафарига вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш марказида даволаниш учун йўлланма берилди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган икки нафар хотин-қизнинг бир нафари турмуш ўртоғи билан яраштирилди, яна бирига ҳимоя ордери олиниб Қўқон шаҳар Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш намунавий туманлараро марказига жойлаштирилди.
Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича маҳаллаларда олиб борилган ўрганиш натижасида қонуний вакилсиз, назоратсиз қолган 5 нафар вояга етмаган бола аниқланиб, уларга қонуний вакил бириктирилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг