Фарғона тумани мудофаа ишлари бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди

16:03 15 Январь 2026 Жамият
439 0

Ватан ҳимоячилари куни байрамига қўшалоқ туҳфа сифатида Фарғона тумани мудофаа ишлари бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Фарғона тумани ҳокимлиги ҳамда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги масъуллари иштирок этди.

Таъкидлаб ўтилганидек, кейинги йилларда юртимизда ҳарбий хизматчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида ҳаётбахш ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида Ватан ҳимоячилари самарали фаолият олиб бориши учун жаҳон андозалари даражасидаги барча қулайликлар муҳайё этиб берилаётир. Ўз навбатида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун кўрсатилаётган юксак эътибор ҳам қувонарлидир.

—Икки қаватли бинода кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, электр ва сантехника жиҳозлари, эшик-ромлар янгиланди, хизмат хоналари, маънавият ва мажлислар залида замонавий шароитлар яратилди,—дейди Фарғона тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Бахтиёр Мўминов.—Бунинг учун қарийб 2,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Шунингдек, қурилиш жараёнида ҳудуд ободонлаштирилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллий қилим шароитига мос манзарали дарахт ва гуллар экилди.

Тадбирда Фарғона тумани маданият бўлими ходимлари томонидан концерт дастури намойиш этилиб, барчага байрам кайфияти улашилди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер