Фарғона нуфузли тадбирга мезбонлик қилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Фарғона шаҳрида Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар миллий координаторлари кенгаши (ШҲТ МКК)нинг навбатдаги йиғилиши ўз ишини бошлади.
Тадбирнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов иштирок этиб, меҳмонларни юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, Фарғона вилоятининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм каби соҳалардаги салоҳияти, ютуқлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Дастлабки иш куни режасига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар миллий координаторлари ташкилотнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва бошқа Низом органларининг бўлажак мажлисларига тайёргарлик кўриш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
— Юзма-юз мулоқот учун Фарғона вилояти танлангани бежиз эмас, — деди Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматилло Нуримбетов. — Марказий Осиё гавҳари сифатида эъзозланадиган Фарғона вилояти тарихий-маданий ёдгорликлари, эзгу қадрият ва анъаналари орқали Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган қардош мамлакатлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.
Бу галги учрашувлар жараёнида ШҲТнинг Самарқанддаги саммитида қабул қилиниши кутилаётган ҳужжатлар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Унда дипломатия, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, анжуман иштирокчилари учун вилоятнинг тарихий-маданий ёдгорликлари бўйлаб мароқли саёҳат, экотуризм, агротуризм, гастрономик туризм йўналишларида учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТ Миллий координаторлари кенгашининг Фарғонадаги йиғилиши 28 апрель кунига қадар давом этади.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг