Фарғона ҳокими вилоятдаги “Янги Ўзбекистон” массивининг қурилиш ишлари сифатини ўрганди
Фото: Халқ сўзи
Маълумки, шу йилнинг 5 апрель куни Президентимиз раислигида янги уй-жойлар қурилиши ва 2023 йилги ипотека дастури бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда кейинги йилларда бу борада эришилган ютуқлар алоҳида эътироф этилиб, йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил ва танқид руҳида муҳокама қилинди. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” массивлари қуриш дастури ижроси бўйича баъзи ҳудудлар, шулар қаторида Фарғона вилоятидаги мавжуд ҳолат қониқарсиз эканлиги таъкидланди. Бу борада мутасаддиларга инфратузилма, қурилиш ва уйлар сотуви билан боғлиқ жараёнларни жадаллаштириш учун муҳим топшириқлар берилди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят секторлари раҳбарлари билан Фарғона шаҳрида барпо этилаётган Экошаҳардаги – “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши билан танишди.
Айни кунларда Экошаҳарда 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжалланган замонавий шаҳарчани бунёд этиш ишлари жадал давом этмоқда. Ҳозирда шаҳарчада 73 та кўп қаватли уйлар, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та мактаб, битта шифохона, 4000 ўринли амфитеатр қурилиши олиб бориляпти.
Хайрулло Бозоров қурилишга масъул раҳбарлар ва қурувчилар билан суҳбатлашиб, ҳар бир объект бўйича қурилиш ишларининг боришини ўрганди. Қурилиш ишларини белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш, қурилиш жараёнида замонавий технологиялар ва илғор услублардан самарали фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.
Ўз навбатида мазкур ҳудудда янги уй-жойлар қурилиши ва 2023 йилги ипотека дастури бўйича белгиланган вазифалар ҳам кўриб чиқилди. Баъзи қурилиш ташкилотларининг банк кредити билан боғлиқ мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Инфратузилма, қурилиш ва сотув билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
- Экошаҳардаги қурилиш ишларига 40 та пудратчи ташкилотлар жалаб этилган,-дейди Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Лазизхон Позилов. – Қурилиш сифатини назорат қилиш мақсадида соҳага масъул идораларнинг кўчма офислари, сифат лабораторияси фаолият кўрсатяпти. Шунингдек, уй-жой савдоси, шартномалар имзолаш, банк кредитларини расмийлаштиришда қулайликлар яратиш мақсадида шу ернинг ўзида ипотека маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилда Экошаҳарда дастлабки кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг