Фаол ёшлар учун экосаёҳат ташкил этилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ёзёвон туманидаги “Марказий Фарғона давлат ўрмон хўжалиги” давлат табиат ёдгорлиги ноёблиги жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Умумий майдони қарийб 1,5 минг гектарни ташкил этади. Ўзига хос қумли чўл ландшафтида 40 турдан ортиқ ёввойи ҳайвонлар ҳамда 170 турдан зиёд ўсимлик ва гиёҳлар учрайди. Бу ерда “Қизил китоб”га киритилган камёб ҳайвонот ва ўсимликлар олами вакилларини ҳам учратиш мумкин. Фарғона вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан бу масканларга экосаёҳатлар ташкил этиш анъанага айланган.
Яқинда Фарғона вилояти прокуратураси ҳамда вилоят Туризм бошқармаси билан ҳамкорликда ушбу табиат ёдгорлигига маршрутлар белгиланиб, саёҳат уюштирилди.
— Юртимиз табиати нақадар ранг-баранг ва бой, — дейди экофаол Исмоилжон Қосимов. — Бугун 25 нафар экофаол ва Туризм элчилари бўлган тенгдошларимиз билан мароқли саёҳатдан унутилмас таассуротга эга бўлдик.
Айтиш жоиз, ўрмон хўжалигида Марказий Фарғонанинг қумли чўлида яшовчи ўсимлик ва ҳайвонларни сақлаб қолиш, ҳудуддаги табиий жараёнлар ва ҳодисалар бўйича мониторинг ўтказилиб, мунтазам равишда илмий тадқиқотлар амалга оширилади. Ноёб табиат мўъжизаларини ўзида жамлаган масканнинг мамлакатимиз иқтисодиёти ривожидаги ўрни ўрганиб борилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг