Фаол ва фидойи тиббиёт ходимлари меҳнати эътироф этилди
Фото: “Халқ сўзи”
Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди.
Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Таъкидлаш ўринлики, юртимизда кейинги йилларда тиббиёт соҳасида ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотлар вилоятда қувонарли натижаларини бермоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда қарийб 50 та хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилди. Тиббиёт йўналишида иккита замонавий тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилиб, дунёнинг энг илғор давлатлари билан фаол ҳамкорлик қилиняпти. Ўз навбатида вилоят тиббиёт олий таълим даргоҳларида турли қитъалардан йигит-қизлар келиб ўқимоқда.

Шунингдек, соҳанинг моддий-техник базаси жаҳон андозалари даражасида ривожланиб, вилоятдаги ихтисослашган тиббиёт муассасаларида илгари хорижда амалга оширилган 30 дан ортиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажариляпти. Шу йилнинг ўн ойи давомида вилоятда 3600 нафардан зиёд беморларда ана шундай мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилгани эътиборга лойиқ.

— Бу йилги байрам арафасида Президентимиз фармонига кўра, “Дўстлик” ордени билан тақдирланганимдан беҳад мамнунман, — дейди Фарғона шаҳридаги “ASAF Medikal” МЧЖ раҳбари Абдулазиз Райимжонов. — Бугунги кунда бу ерда беморларга юрак-қон томир касалликлари соҳасида намунали хизмат кўрсатиб келинмоқда. Бундан буён ҳам касалликлар профилактикаси, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолаверади.
Тантанали тадбирда соҳа фаоллари ва фидойиларининг меҳнати муносиб эътироф этилиб, уларга Фарғона вилояти ҳокимининг Фахрий ёрлиғи, ташаккурномаси ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Бир гуруҳ ходимларга “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак -нишони топширилди.
Шу куни барча шаҳар ва туман Тез тиббий ёрдам бригадаларига хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида янги “Caddi Volkswagen” автомашиналари берилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг