Эзгу мақсад сари интилишнинг мукофоти
Фото: “Халқ сўзи”
Бундан 8 йил муқаддам турмуш ўртоғи вафот этгач, уч нафар ёш фарзанди билан ёлғиз қолган ва турмуш қийинчиликларига дуч келган Хуршида Эгамбердиева бугунги кунда ҳаётнинг равон йўлига тушиб олди.

Кеча яқинда кунбайми, мавсумлими, қандай бўлмасин, рўзғор учун пул топиш илинжида меҳнат қилиб юрган аёл энди ўқув маркази раҳбари. Уни бу даражага етказган, аввало, ўзидаги мақсад сари қатъиятлилик ва албатта, рўзғор ташвишларидан ортиб Ёшлар ишлари агентлигининг “Ибрат фарзандлари” лойиҳасида фаол иштирок этгани бўлди.

Боёвут туманининг Сармиш маҳалласида яшаётган Хуршида Эгамбердиева айни лойиҳа туфайли инглиз тили бўйича билимини мукаммаллаштириб, бошқаларга ҳам ўргатиш лаёқатига эга бўлди. Натижада ўз маҳалласидаги болалар учун ўқув маркази ташкил этди. Ташаббуси кўпчиликнинг эътиборига тушди.

— Рости, интилишимиз, натижаларимиз яхшию, ўқув шароитимиз оддий, уни яхшилашга ҳали молиявий қурбимиз етмай турган эди, — дейди Хуршида Эгамбердиева. — Ишларимдан хабар топган вилоят ҳокими яқинда хонадонимизга келиб, фаолиятимиз ва шароитларимиз билан танишди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай,вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан хонадонимиздаги қурилиши якунланмаган ёрдамчи биномиз мукаммал таъмирланиб, ўқув марказига айлантирилди. Бугун ўқув марказимизда биринчи дарс машғулотлари бўлиб ўтди. Унинг очилишида иштирок этган вилоятимиз ҳокими “Ёшлар улғайиб қайси касбни эгалламасин, чет тилидан маълум кўникмаларга эга бўлишлари зарур. Дизайнер, сервис ходими, сотувчи ёки кичик бизнес эгаси бўладими — ҳар қандай соҳада кўп тилни билиш унинг юқори профессионал мутахассис бўлиш борасидаги мақсадларига эришишида муҳим ўрин тутади. Хуршиданинг ташаббуси шу ҳудуддаги ёшларнинг айни мақсадларига етишига, яъни инглиз ва бошқа тилларни ўрганишга бўлган қизиқишларини ривожлантиришга хизмат қилади,” деб менга катта ишонч билдирди.
Вилоят ҳокимлиги ўқув маркази биносини киройи қилиб қуриб берган бўлса, Ёшлар ишлари агентлиги уни компьютер жамламаларидан тортиб, телевизорлару пардасигача, тўкис-тугал жиҳозлаб берди. Натижада аввал 40 га яқин болага инглиз тили ўргатилган бўлса, энди замонавий ўқув марказига айлантирилган маскандаги 3 маҳаллик дарсларда 230 нафар ўқувчи иштирок этиш имконияти яратилди.

Эътиборлиси, инглиз тилидан ташқари немис ва корейс тили, шунингдек, IT бўйича ўқув курслари ҳам ташкил қилинди. Турли синфдаги ўқувчилар қаторида марказда 3 ёшдан юқори жажжилар ҳам ўқитилаётгани таҳсинга лойиқ.
Эътироф этиш лозимки, Хуршида Эгамбердиева ўз фарзандларининг чуқур билим олиши учун оиласида ўрнатган тартиби ҳам ибратли. Унинг айтишича, оиласида ўқилган китобларнинг ҳисоби юритилар экан. Ушбу рўйхатга ҳар бир китобдан керакли иқтибосларни, маълумотларни ҳам илова қилиб ёзиб боришар экан. Оила аъзоларининг бугунгача ўқиган адабиётлари сони 2002 тага етибди.

Шу билан бирга, оила китобхонлар танловида ҳам фаол иштирок этиб келаётир. Хуршида Эгамбердиеванинг “Фарзандларим учун” дея номланган дафтарларида эса болаларининг билими ва дунёқарашини оширишга хизмат қиладиган минглаб маълумотлар бор.
Ҳозиргача у тўлдирган бундай дафтарлар миқдори 80 та. Яна бир муҳим жиҳат,оила аъзоларининг қатъий кун тартиби бўлиб, ҳар бирининг аниқ режаси тузиб борилади. Албатта, ушбу режанинг асосий бандлари ўқиш-ўрганиш билан боғлиқ вазифалардан иборат.
Айни пайтда Хуршида Эгамбердиеванинг ўз хонадонида очилган замонавий ўқув маркази фаолияти ҳам ана шундай намунали иш режаси асосида олиб борилади, албатта.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг