Европа Иттифоқи Россия ва Белорусдан импорт қилинадиган ғалла учун бож жорий этишга тайёрланмоқда

11:10 19 Март 2024 Дунё
643 0

Архив сурат

Европа Иттифоқи Россия ва Беларусдан импорт қилинадиган ғаллага бож жорий этиш ниятида. Бу ҳақда «Financial Times» нашри ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

«Европа Иттифоқи фермерларни ва баъзи аъзо давлатларни тинчлантириш учун Россия ва Беларусдан ғалла импортига божлар жорий этишга тайёрланмоқда. Европа Комиссияси яқин кунларда бир тонна ғалла учун 95 евро миқдорида бож жорий этиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Нашрнинг манбаларига кўра, бундай қадам нархларнинг камида 50 фоизга ошишига олиб келади. Қайд этилганидек, мойли экинлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларига ҳам божлар жорий этилади.

«РИА Новости» ўтган ҳафта Россия ва Европа статистикасини таҳлил қилиб, 2023 йил охирида Россия қишлоқ хўжалиги экспортидаги Европа Иттифоқи улуши етти фоиздан пастга тушгани ҳақида хулосага келди. Бу Россия етказиб беришни 14 фоизга — 2,9 миллиард долларгача қисқартириши туфайли содир бўлди. Шу билан бирга, Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бошқа мамлакатларга сотиш, аксинча, 6 фоизга ошиб, 40,1 миллиард долларни ташкил этган.

Европада фермерларнинг норозиликлари бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Бу илк бор 2019 йилда Голландияда «яшил» тартибга солишнинг кучайтирилиши фонида бўлиб ўтганди.

2023 йилда норозилик намойишлари бошқа мамлакатларга тарқалиб, йил охирига келиб улар 12 давлатни қамраб олди. «Яшил» кун тартибидан ташқари, фермерлар Украина товарлари, қиммат ўғит ва ёқилғи импорти ҳамда бюджет маблағлари етарли эмаслиги сабабли ўз маҳсулотларининг арзонлигидан норозилик билдиришмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер