Европа АҚШни ҳам Украина учун пул сарфлашга чақирди

13:45 16 Июль 2025 Дунё
397 0

Иллюстратив фото

Европа Иттифоқи АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украинага қурол жўнатишга тайёрлигини олқишлайди, бироқ Вашингтон ҳам Киевга ёрдамни молиялаштиришга ҳисса қўшишини истайди. Бу фикрларни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас айтиб ўтди.

«Биз президент Трампнинг Украинага қўшимча қурол жўнатиш ҳақидаги эълонини олқишлаймиз ва биз АҚШ юкни бўлишишини истаймиз», — дейди у.

Бу сўзларга аниқлик киритиш сўралганда, Каллас америкаликларни Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, агар Европа Иттифоқи Украинага қурол-яроғ учун пул тўласа, бу иттифоқни қўллаб-қувватлашдир ва АҚШ ҳам шундай қилиши керак.

Аввалроқ Трамп НАТОнинг Украинага қурол-яроғ етказиб бериш бўйича келишуви доирасида «Patriot» ҳаво мудофаа тизимларини биринчи етказиб бериш аллақачон бошланганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, «Patriot» Украинага Германиядан етказиб берилади ва бунинг учун АҚШ пулини тўлиқ олади.

Шунингдек, Каллас Украина учун Россия активларидан фойдаланиш ғояси ҳақида гапирди.

«Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активлари ҳақида турлича фикрда, ҳар кимнинг баҳосини эшитишимиз керак» — деган Каллас Украина учун Россия активларидан фойдаланиш ғояси ҳақида гапириб.

Таъкидланишича, дипломат АҚШ қуролларини сотиб олиш учун рус активларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини баҳолашдан бош тортган, бироқ бу ғояни рад ҳам этмаган.

«Украинага ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун кўпроқ маблағ ажратишимиз керак. Музлатилган активлар бўйича қарашларимиз турлича бўлсада, ҳамманинг баҳосини ҳамма эшитиши муҳим», — деди Каллас.

Аввалроқ, у Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари август ойи охирида Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан Украина Қуролли кучларини молиялаштириш масаласини муҳокама қилишини айтган эди.

Трампнинг айтишича, «Patriot» ракета тизимлари аллақачон Украинага юборилмоқда.

«Улар Германиядан келади. Барча ҳолатларда АҚШ тўлиқ тўловни олади», — деди Оқ уй раҳбари.

Бир кун аввал Германия мудофаа вазири Борис Писториус Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш Вашингтон билан келишувга эришганидан кейин бир неча ой давом этишини билдирган эди.

Унинг аниқлик киритишича, томонлар тизимлар сони ҳақида ҳозирча хабар бермасликка қарор қилишган, чунки улар битта «Patriot» бирлиги деганда техник хусусиятлар ва ракеталар сони нимани англатишини ҳали аниқлай олишмаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер