Эътироф ютуқлар сари ундайди
Жорий йилги касб байрамимиз арафасида мен учун шу жумладан, жамоамиз учун ҳам қувончли воқеа бўлди. Президентимизнинг “Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Дўстлик” ордени билан тақдирландим.
Албатта, буни нафақат менинг, балки бутун жамоамиз ва Қорақалпоғистондаги прокуратура органлари ходимлари меҳнати эътирофи деб биламан.
Фаолиятимиз давомида суд қарорлари доирасида давлат, банк ва бошқа ташкилотлар фойдасига маблағларни ундирув билан бирга алимент ундируви билан боғлиқ ҳолатлар ҳам афсуски кўп учрайди. Бу борада доимий равишда ҳудудларда профилактика инспекторлари, маҳалла, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаоллари билан биргаликда ажрашган оилалар ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилиб, натижада 2 969 та ижро ҳужжати бўйича оилаларни яраштиришга эришилди.
Бундан ташқари, ишсиз алимент тўловчиларни ишга жойлаштириш мақсадида меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, унинг натижасида 1 938 нафар ишсиз алимент тўловчиларнинг бандлиги таъминланди.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари фойдасига жами
248,7 млн. сўм компенсация маблағлари ўтказилиши таъминланиб, ҳозирда ҳокимликлардан компенсация ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд эмас.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”ига ўтказилиб бериладиган маблағлар бўйича 12 ойда 21,1 млрд. сўм режа белгиланиб, шундан 31,3 млрд. сўм ўтказилиб, режа 148 фоизга бажарилиши таъминланди.
Албатта, ҳали бу борда қиладиган ишларимиз кўп. Президентимиз таъбири билан айтганда, жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлмоғи керак. Шу нуқтаи назардан биз, бутун жамоамиз билан биргаликда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.
Венера Ерниязова,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, “Дўстлик” ордени соҳиби.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг