Эртачи тарвуз етиштириш бошқа ҳудудларда ҳам оммалашмоқда

10:51 01 Апрель 2026 Жамият
164 0

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани деҳқонлари эртапишар тарвуз етиштиришдаги тажрибалари ва эришаётган натижалари билан машҳур.

Эътиборли томони, эндиликда бу тажриба Чироқчи, Қамаши ҳамда Косон туманларининг турли ҳудудларида ҳам кенг оммалашмоқда. Масалан, жорий йилда Косон туманининг Алатўн қишлоғидаги хонадонларнинг 80 фоиздан ошиғи 40-50 сотихдан бошлаб, 2-3 гектаргача бўлган майдонларда эртачи тарвуз етиштиряпти.

— Ҳудудимизнинг асосий қисми лалмикор ерлар ҳисобланади, — дейди шу қишлоқлик Маъруф Жумаев. — Насос ёрдамида ер остидан сув чиқариб, деҳқончилик қиламиз. Асосан эртачи тарвуз етиштирамиз. Ўз томорқасида тарвуз етиштираётганлар ҳам, туман захирасидаги лалмикор ерларни ижарага олиб деҳқончилик қилаётганлар ҳам кўп.

Деҳқоннинг айтишича, авваллари эртачи тарвуз етиштиришда иш февраль ойининг охирларига келиб бошланган. Натижада майнинг охири, июннинг бошларига бориб илк ҳосил пишиб етилган. Ҳозир эса январданоқ мавсумга ҳаракат бошланади. Пировардида эса ҳосил ҳам қарийб бир ой эртачи тайёрланмоқда.

Таъкидлаш жоиз, ўтган йилги мавсумда қашқадарёлик миришкорлар 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги тарвуз экспортини амалга оширишган бўлса, жорий йилда бу рақам янада ортиши кутилмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер