Ер участкаларини ажратишда шаффофлик таъминланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди. Айниқса, «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди.
Таъкидланганидек, жаҳон иқтисодий алоқаларида меҳнат миграцияси муҳим аҳамият касб этади. Глобаллашув жараёнининг ривожланиши билан миграция оқими ҳам тобора жадаллашиб ушбу масалани ҳар томонлама ҳал этиш давр талабига айланмоқда. Шу боис, кейинги йилларда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳанинг мустаҳкам қонунчилик асослари яратиляпти.
Бу борада Президентимиз бошчилигида хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш, меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиётини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилаётир.
Мазкур ҳужжат билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонуности ҳужжатлари қонун даражасида мустаҳкамланади, халқаро ҳужжатлардаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид нормалар миллий қонунчиликка имплементация қилинади.
Энг муҳими, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, меҳнат мигрантларининг ҳисобини юритиш ва ушбу соҳада мониторингни амалга оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, маромига етказиш бўйича қатор таклифлар билдирилди ва лойиҳа фракция аъзолари томонидан маъқулланди.
Йиғилишда «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
29 та моддадан иборат ушбу қонун лойиҳаси билан 4 та кодекс ва 22 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, биргина Ер кодексига киритилаётган ўзгартиришларда белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда ерга бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш бўйича кадастр органларининг судларга тўғридан тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланяпти.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан барча қонун ҳужжатларидаги ерга оид нормаларнинг ўзаро мувофиқлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ягоналиги таъминланади. Ер участкаларини ажратишда шаффофлик таъминланиб, алоҳида ҳужжатларда белгиланган имтиёз ва истиснолар бекор қилинади.
Фракция йиғилишида шунингдек, қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан маъқулланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг