Ер муносабатларига оид қандай янгиликлар кўзда тутиляпти?
Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилган дастлабки ҳужжат — “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Мазкур қонун лойиҳаси ер участкаларига ижара муносабатларининг ўзига хос хусусиятларини аниқ белгилаш, жамоат ва ўзга эҳтиёжлар учун ўзганинг кўчмас мулкидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Таклиф этилаётган лойиҳада оммавий сервитут фақатгина геология-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа қидирув ишларини амалга ошириш, ўзганинг ер участкасидан умумий фойдаланишдаги электр узатиш, алоқа линиялари ва трубопроводлар, ирригация, муҳандислик ва бошқа линиялар ҳамда тармоқлар ўтказиш ва улардан фойдаланиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда лицензия олган ёки ушбу лицензияни берган ташкилотнинг илтимосига асосан вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори асосида белгиланиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан оммавий сервитутнинг барча муҳим шартлари ҳоким қарори билан белгиланишига қарамасдан томонларга ўзаро келишув асосида ёки суд тартибида сервитут шартларини ўзгартириш ҳуқуки, шунингдек, ижара ҳуқуқини аукцион орқали сотиб олган шахсга ижарага берувчининг розилиги билан ўз ижара ҳуқуқини шартноманинг қолган муддатига бошқа шахсга ўтказишга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.
— Ер ресурслари мамлакатимиз аҳолисининг турмуш фаровонлиги, республикамизнинг иқтисодий салоҳияти учун моддий неъмат бўлиб, ундан ҳар қандай шароитда оқилона, унумли фойдаланишни ташкил этиш мамлакат бугуни ва келажаги учун муҳим омил ҳисобланади, — дейди Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Ислом Хушвақтов. — Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер участкалари ижара турларининг ўзига хос хусусиятларини белгилаган ҳолда, уларни гаровга қўйиш ҳамда ижара ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Йиғилишда халқ вакиллари томонидан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ушбу соҳада кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги янада оширилишга хизмат қилиши қайд этилиб, қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қўллаб-қуватланди.
Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг