Ер ажратишнинг янги тартиби жорий этилади

18:00 14 Июль 2021 Жамият
2127 0

Ер — умуммиллий бойлигимиз. У давлат муҳофазасида ва ундан оқилона фойдаланиш эса ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Бу Конституциямизда ҳам алоҳида модда билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Бугунги кунда республикамиз бўйича жами ерлар 44 млн. 892,4 минг гектарни ташкил этади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг умумий майдони эса, 20 млн. 236,3 минг гектардан иборат.

Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда ернинг аҳамияти беқиёс эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 июнда қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида аҳоли бандлигини таъминлашдаги яна бир катта захира ер эканлиги, уни ҳақиқий эгаси — халққа берилиши, берганда ҳам, манфаатдор қилиб, адолатли ажратиш кераклиги, бу юз минглаб одамларимизни иш билан, даромад билан таъминлашини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, ер участкаларини ажратиш масаласи энг чигал муаммо, коррупциялашган жараёнга айланиб қолганини ҳам кўрсатиб берди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ерларни ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш ҳамда ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида Президентимизнинг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек ушбу Фармон соҳада тенглик, шаффофлик ва бозор муносабатларини таъминлаб, мулкка доир ҳуқуқларни ишончли кафолатланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши тартиби жорий қилинмоқда.

Шу билан бирга, 2021 йил 1 августдан туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш борасидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари тугатиляпти.

Худди шу санадан бошлаб, давлат ҳокимияти органлари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиши ҳам тақиқланади.

Ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, ердан оқилона фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда уларни жорий этиш, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши аҳволини мунтазам ўрганиб бориш, соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантириш борасидаги таклифларни мувофиқлаштириб борувчи ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилади.

Мазкур республика кенгаши таркибига Олий суд раиси ҳамда ҳудудий кенгашлар таркибига вилоят судлари раислари ҳам аъзо сифатида киритилди.

Фармоннинг 10-бандига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги зиммасига ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ер участкалари ҳамда бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига ва чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш, ердан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириши юклатилиб, Агентлик ходимлари ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва чора кўриш учун масъул эканлиги белгиланган.

Ушбу агентлик органларига ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг

36-моддасига мувофиқ ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси 37-бандига кўра фуқаролик ишлари бўйича судларда ҳамда 9-моддаси биринчи қисми 22-бандига кўра, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича иқтисодий судларда давлат божи тўлашдан озод қилинган.

Шунга кўра, келгусида агентлик томонидан ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ даъволар судларга тақдим этилган тақдирда, даъво аризалари давлат божисиз қабул қилиниб, даъво қўзғатилган ишлар судлар томонидан ўз вақтида, қонуний ҳамда холис кўриб чиқилиши таъминланади.

Умуман олганда, Фармонда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, ердан оқилона фойдаланиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда аҳолининг фаровонлигини ошириш борасида бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади. Ер билан боғлиқ муносабатлардаги коррупцион ҳолатларнинг олди олинади. Натижада ердан фойдаланиш борасида барча учун шаффоф бўлган тизим йўлга қўйилади.

Равшан РАШИДОВ,
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъатининг судьяси,
Сарвар СОЛИЕВ,
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер