Энг зукко ёш китобхон Дубайга саёҳат қилади

12:13 10 Декабрь 2021 Жамият
1292 0

Фото: «Халқ сўзи»

Китобхонликнинг жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришдаги, айниқса, ёш авлодни кенг дунёқарашга эга, маърифатли қилиб тарбиялашдаги ўрни беқиёс. Давлатимиз раҳбари томонидан айни масалага доимий эътибор қаратиб келинаётгани, китобхонлик тарғиботини кучайтириш, шу орқали аҳоли кенг қатлами ўртасида мутолаага қизиқишни ошириш чора-тадбирлари олиб борилаётгани қувонарли, албатта.

Китобхонликни тарғиб қилишда китобсевар ҳамюртларимиз ҳам фаол иштирок этаётганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳокими Бобур Юлдашев ана шундай хайрли ташаббус билан чиқди. У 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган андижонликларни “Зукко китобхон” танловига чорлади.

— Бу танлов вилоят миқёсида ўтказилади, — дейди Марҳамат туман ҳокимлиги матбуот хизмати ходими Турсунбой Исмонов. — Уч босқичдан иборат танловда иштирокчилар ўзбек ва хорижий адабиётларга оид саволларга жавоб берадилар. Олган билимини, мутолаа завқини танлов шартлари орқали ифода этадилар. Бунинг учун камида 50 та китобни ўқиб чиқишларига тўғри келади.

Ҳар қандай беллашув ғолибларсиз бўлмагани каби, ғолиблар ҳам рағбатсиз қолмайдилар. Жумладан, “Зукко китобхон” беллашувида 3-ўринни эгаллаган китобхонга маиший техника буюмлари совға қилинади. 2-ўрин соҳиби яқинлари билан биргаликда республикамиз зиёратгоҳларига йўлланмани қўлга киритсалар, 1-ўринни олган ёш китобхон ота-онаси билан биргаликда Дубайга саёҳат йўлланмаси билан тақдирланади.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер