Энди уларнинг ўз уйи бор
Фото: «Халқ сўзи»
Тарбияланувчилари бағрикенг оилалар сафига қўшилгани учун бугунга келиб Наманган вилоятидаги 26-Меҳрибонлик уйи фаолияти тугатилган. Шунга қарамай, унинг собиқ тарбияланувчилари тақдири, турмуш шароити давлатимизнинг доимий эътиборида.
Куни кеча ушбу гўшада камол топиб, мустақил ҳаётга қадам қўйган 44 нафар йигит-қизнинг 24 нафари яна бир ғамхўрликдан баҳараманд бўлди. Уларга Наманган вилоят ҳокимлиги томонидан турар жойлар калити тантанали равишда топширилди. Шу муносабат билан вилоят Маданият марказида юксак инсонпарварлик ва ёш авлод истиқболига қаратилган ислоҳотлар ва янгиланишларнинг амалий ифодаси сифатида ўтган тадбирда сўзга чиққанлар уй соҳибларини табриклаб, эл-юрт хизматига камарбаста бўлишни тиладилар. Эндиликда ўз уйига эга бўлган ёшлар эса юртимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган халқпарвар сиёсатдан мамнун эканликларини билдирди.
Аҳамиятлиси, Меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчиларига расмийлаштирилган уй-жойлар 35 турдаги зарур жиҳозлар билан таъминланиб, кўркам ва шинам ҳолда тақдим этилди.
Маълумот учун, бундан олдин вилоятда 13 нафар Меҳрибонлик уйи собиқ тарбияланувчиларининг ипотека кредитлари тўлиқ қопланиб, 6 нафар ёшнинг уй-жойлари мукаммал таъмирлаб берилган эди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг