Энди Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг ўз симфоник оркестри бор
Фото: Халқ сўзи
Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг, йигирма беш йилдирки, симфоник оркестри йўқ эди. Мусиқа зарур саҳналарда 5-6 нафар созандали ансамблдан фойдаланиб келинаётганди. Яқинда театр ўзининг янгидан ташкил этилган эстрада симфоник оркестрига эга бўлди. Оркестрга аввал Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида тажриба орттирган, Сирдарё вилоятида туғилиб ўсган ёш санъаткор Дилмурод Тожибоев дирижёрлик қилмоқда.
Эътиборлиси, оркестр асарларни мусиқий таъминлаш баробарида ўзининг алоҳида концертларини ҳам намойиш этмоқда.

— Ушбу мусиқий дастурлар одатдагидан фарқли ўлароқ, жаҳон ва миллий саҳна асарлари дурдоналаридаги машҳур ариялардан тузилгани ҳамда бу қўшиқлар образга кирилган ҳолда ҳамда қайсидир роль қиёфасида ижро этилиши билан ажралиб туради, — дейди ёш актёрлардан бири. — Яъни томошабин бир вақтнинг ўзида ҳам қўшиқ эшитади, ҳам бирор бир спектаклдан парча кўриб, завқ олади.
Куни кеча Матбуот ва оммавий ахборот ходимлари куни муносабати билан мазкур оркестр томонидан ана шундай катта концерт дастури намойиш этилди.
Маълумот учун.Сирдарё вилояти мусиқали драма театри яқинда водий вилоятларида гастролда бўлди. Спектакллар билан бирга «Санъатимиз сизга армуғон» деб номланган концерт дастурларини ҳам намойиш этди. Ўтган театр мавсумида эса ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари кундузи болалар, оқшом катталар учун чипта нархларини жуда арзон белгилаган ҳолда узлуксиз спектакллар қўйиб, минглаб юртдошларимизга маданий хизмат кўрсатди.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг