Энди баралла айтаман: отам — оддий ўқитувчи!

18:27 05 Октябр 2021 Жамият
1181 0

“Муаллимнинг нони қаттиқ”. Болаликдан шу гапни эшитиб улғайдим. Нега нонимиз қаттиқ бўларкан, ана, юмшоқ-ку, дердим болаларча ўз хаёлимда.

Дадам ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. Қишлоқдошларим тили билан айтганда, Худойберди малим (шевада). Агар эсимни уч ёшимда таниган бўлсам, ўша пайтдан ўқитувчининг нони қаттиқлаша борди чамамда. Мустақилликнинг илк йилларида эса бу нон қаттиқликда пўлатга тенглашди-ёв. Олти ойлаб кечиккан урвоқдай маошлар, моддий етишмовчиликлар, бунинг замирида пайдо бўлган тиббий-ижтимоий муаммолар ичида дадам бир этак бола, жўжабирдай жон, кафтдек ҳовли ва ҳеч қандай қўшимча даромадсиз юмшоқ суягимизни қотирди.

Ўша оғир йилларда қанча-қанча эркак ўқитувчилар тирикчилик ва тириклик важи билан ўз севган касбидан воз кечди. Дадам ҳам мактабдаги ишдан сўнг колхоз ажратган ерга тамаки экар, пилла боқар, кичкинагина ҳовлимизда деҳқончилик қилар эди. Меҳнатнинг айби йўқ, албатта. Аммо ўша пайтда меҳнатни шараф деб билганимиздан эмас, азбаройи тирикчилик учун, ҳаёт-мамот мажбуриятидан асаларидай ишга ёпишардик.

Йиллар ўтди. Юқори синф ўқувчиси бўлиб шуни тушундимки, тинмай ўқишим, институтга киришим керак экан. Ўйлардимки, институтга киргач, ҳамма муаммолар ҳал бўлади. Институтга кириб англадимки, ўқитувчи номини оқлаш ҳаммага ҳам насиб этган неъмат эмас экан. Қанчалар ғайрат билан ўқимай, баъзи фанлардан адолатсизликка дуч келадиган бўлсам, тўғри ўша кафедра мудирининг олдига кирардим. Доимо битта савол олдида ғазабим қўзирди:

- Отанг нима иш қилади?.

- Отам ўқитувчи.

Мудирнинг юзи тиришарди.

- Демак, отанг оддий ўқитувчи, шундайми?

Ғазабим қўзиб:

- Ҳа, худди сизга ўхшаган оддий ўқитувчи, - деб жавоб берардим. Оқибатда менга “бундайроқ” баҳо насиб қилар, аъло баҳони эса отаси оддий ўқитувчи бўлмаганлар оларди.

Аввал бакалавриатура, кейин эса магистратурани тугатдим. Ниҳоят ўн йиллик тиббий таълимдан сўнг иш излаяпман. Қайси ташкилот эшигини қоқмай, яна ўша “Отанг нима иш қилади?” деган саволга дуч келардим. Кўпинча иш берувчи томон отам оддий ўқитувчи эканлигини билгач, юзини терс бурарди. Чиндан ҳам ўқитувчининг қадри йўқ эди. Бир йилда бир кунгина нишонланадиган касб байрамида ҳам қишлоқлардаги ўқитувчию мураббийларни пахта даласидан топардингиз.

Дадам табиатан босиқ инсон. Кўп ҳам ҳиссиётга берилмайди. Аммо бир куни ранг-рўйини бир алфозда кўриб юрагим увишди. Кейин билсам, ўша пайтдаги туман ҳокими пахта масаласида дадамни ҳақоратлаган, “Байрамингни бурнингдан чиқараман”, деган экан. Бир куни дадамга эргашиб янги қурилаётган “Ургут савдо маркази”га бордик. Кун мобайнида туман ўқитувчилари ҳоким буйруғи билан бозор қурилишига жалб қилинган эди. Шу тарзда бора-бора ҳар қандай “қора иш”ларга ўқитувчилар жалб қилина бошланди.

Миллат ўқитувчисини, муаллимни жамиятдаги энг қашшоқ ва қадрсиз касб эгаларига айлантириш таназзулга элтиши барчага аён ҳақиқат. Мана, ўша чорак аср давом этган бўҳроннинг ҳамонки жабрини тортяпмиз.

Яхшики, ҳозир ўқитувчини кўча тозалашга олиб чиқадиган раҳбарлар йўқ. Бўлса ҳам, энди бунга журъат қилавермайди. Чунки ўқитувчига муносабат, эътибор ўзгарди. Энди ўқитувчининг боласи елкасини қисиб юрмайди. “Отанг нима иш қилади?”, деган саволга худди мендек “Отам- ўқитувчи” деб баралла айтади.

Орифжон КОМИЛОВ, Ургут тумани.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер