Элмурат Тасмуродов спорт курашлари бўйича ЖЧда кумуш медални қўлга киритди

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда. 25 октябрь куни -63 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Элмурат Тасмуродов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, финалга чиққанди.
Ҳамюртимиз мусобақа давомида Беларусь, Хитой, Молдова ва Украина вакилларидан устун келди. 26 куни бўлиб ўтган ҳал қилувчи жангда эса россиялик Степан Марянянга қарши гиламга чиқди ва 3:6 ҳисобида имкониятни бой берди.
Бу Венгриядаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси учун иккинчи медаль ҳисобланади. Бунгача эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов ушбу жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритганди.
Маълумот учун, Элмурат Тасмуродов бунгача икки маротаба жаҳон чемпионатларининг бронза медалларига эга чиққан. Рио Олимпиадаси совриндори учун бу жаҳон чемпионатларидаги учинчи медаль бўлди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг