«Электрон поликлиника» қоғозбозликка барҳам беради
Фото: Халқ сўзи
Бухоро шаҳрида сўнгги 4-5 йил оралиғида батамом янги мавзе қад ростлади. Етти қаватли турар-жойлардан иборат бу масканда замонавий мактабгача таълим ташкилоти, янги умумтаълим мактаби биноси барпо этилди. Яқинда янги мавзеда замонавий оилавий поликлиника ҳам иш бошлади.
250 қатновга мўлжалланган бу шинам поликлиника қурилиши учун давлатимиз томонидан 5 миллиард 600 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланди. Янги тиббий муассаса шарофати билан 35 киши ишли бўлди.

— Шу пайтга қадар ушбу ҳудуд аҳолисига шаҳардаги 5- ва 9-оилавий поликлиникалар тиббий хизмат кўрсатар, қатновчилар сонининг кўплиги беморларга ҳам, шифокорларга ҳам бирмунча ноқулайликлар туғдираётганди, — дейди 11-оилавий поликлиника бош врачи вазифасини бажарувчи Икром Ҳусенов. — Янги шифо масканимиз афзаллиги шундаки, бизда «электрон поликлиника» ахборот тизими жорий этилган. Яъни беморлар уйида туриб электрон тарзда навбат олиш имконига эга. Уларнинг қўл телефонига навбати келгани ҳақида SMS хабар юборилади. Бемор вақти тежалади. Асаббузарликка ҳожат қолмайди. Шунингдек, бизда қоғозбозлик ҳам йўқ. Беморга электрон карта воситасида хизмат кўрсатилади.

Муассасада кундузги стационар, физиотерапия хонаси, лаборатория, стерилизация, ультратовуш томографияси, электрокардиограмма каби бирламчи тиббий тизим иш самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган йўналишлар мавжуд. Поликлиника айни дамда 22 минг нафардан зиёд кишига тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг