«Эл-юрт умиди» жамғармаси грантини қандай қилиб қўлга киритиш мумкин?

11:37 07 Май 2022 Жамият
1588 0

Фото: Халқ сўзи

Жиззах вилояти Дўстлик туманида Арнасой, Пахтакор ва Мирзачўл туманларининг илмга чанқоқ ёшлари учун ўтказилган амалий-услубий семинарда шу ва шу сингари саволлар ўртага ташланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали, «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда жаҳон меҳнат бозори учун рақобатдош, юқори малакали мутахассисларни нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида тайёрлаш билан боғлиқ янгиликлар асосий мавзуга айланди.

— Стипендиат таълим олиш учун танлаган олий таълим ёки илмий муассаса The Times Higher Education, QS World University, ARWU каби халқаро ташкилотлар рейтингига кўра жаҳондаги энг яхши 300 таликка кирган бўлиши керак, — дейди «Эл-юрт умиди» жамғармаси директори ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов. — Бугунги семинарда тушаётган саволлар, ёшларнинг хорижий тилларни билиши, уларнинг дунёқараши ва режаларидан билиниб турибдики, туманларга келиб семинар ўтказишимиз улар учун айни муддао экан.

Семинарда жамғарма иш фаолиятининг мазмун-моҳияти, бугунги кунда жамғарма томонидан ёшларга ажратилаётган хорижий грантлар, стипендия танловларининг янги талаблари, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби тўғрисида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.

Толибжон ЭРГАШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер