Экошаҳардаги “Янги Ўзбекистон” боғига илк кўчатлар қадалди
Фото: "Халқ сўзи"
Фарғона шаҳрида 70 гектар ҳудудда 40 минг аҳоли истиқомат қилишига мўлжалланган Экошаҳар барпо этилаётгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Айни пайтда Экошаҳар ўртасини кесиб ўтувчи канал қазиш ишлари ниҳоясига етказиляпти. Яқин вақт ичида дунёнинг энг ривожланган давлатлари шаҳарсозлик архитектураси асосида бу ерда кўп қаватли уйлар қурилишига киришилади. Экошаҳар лойиҳасига кўра, ушбу ҳудудда ландшафт архитектураси асосида яшил хиёбонлар, ноёб манзарали дарахтлар аллеяларини ҳам ташкил этиш режалаштирилган.
Бугун Экошаҳар ҳудудида бунёд этиладиган “Янги Ўзбекистон” боғига илк манзарали дарахт кўчатлари қадалди. Вилоят фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, нуронийлар, ёшлар иштирокида ўтказилган умумхалқ ҳашарида 10 гектар ер кўкаламзорлаштирилди. Ҳашар давомида 4000 тупдан ортиқ каштан, Қрим соснаси, оққайин, лола дарахти ва бошқа турдаги ноёб манзарали дарахтлар экилди.
Умумхалқ ҳашарида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг