Эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланмоқда

12:10 04 Июнь 2024 Жамият
301 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Аҳоли, айниқса, ёш оилаларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, ўзини-ўзи банд қилишлари учун имконият яратиб бериш давлатимизнинг асосий диққат эътиборида. Шу мақсадда маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан кам таъминланган оилалар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилмоқда. Бу борада Нуробод туманидаги Сарикўл маҳалласи томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Маҳаллада 695 та хонадон, 812 та оила мавжуд бўлиб, аҳоли, асосан, чорвачилик билан шуғулланиб келар, кўпчилик аҳоли вакиллари доимий даромад манбаига эга эмас эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 апрелдаги 949-сонли қарорига асосан, маҳалла еттилиги томонидан оилавий тадбиркорликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда биргина ўтган йилда 2 та ишлаб чиқариш корхонаси, тикувчилик цехи, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этилиб, 10 дан ортиқ қишлоқ ёшлари доимий иш билан таъминланди.

— Шунингдек, қишлоқ ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида замонавий спорт мажмуи бунёд этилиб, ёшлар ихтиёрига берилди, — дейди Сарикўл МФЙ ҳоким ёрдамчиси Машраб Ярқулов. — Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам кенг қамровда давом этмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, фаоллар, ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан чорвачиликни ривожлантириш йўналишидаги лойиҳалар ижросини таъминлаш учун 7 та оилага 130 миллион сўмлик 65 дона майда шохли моллар тарқатилди.

Эътиборли жиҳати шундан иборатки, майда шохли моллар наслини яхшилаш, насл олиш учун ветеринария назоратига олинган бўлиб, тегишли соҳа мутахассислари томонидан белгиланган вақтда ветеринария кўригидан ўтказилмоқда. Бундан ташқари маҳаллада банкнинг 33 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига автомобилларга техник хизмат кўрсатиш маскани барпо этилиб, 2 та иш ўрни яратилди, 3 нафар кам таъминланган хотин-қизларга тикув машинаси берилди.

— Турмуш ўртоғим 3-4 йил Россияда ишлаб, яқинда келди. Қишлоқда иш бўлмаганлиги сабабли, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилдик. Маҳалладан комиссия аъзолари келишиб, оилавий шароитларимизни ўрганишди ва бизга ҳам 11 бош майда шохли моллар ажратилди, — дейди Юлдуз Суюнова. — Эндиликда уч нафар фарзандим, турмуш ўртоғим билан уларни парваришлашга киришганмиз. Келгусида қўйлар сонини кўпайтириб, турмуш шароитимизни янада яхшилашни, фарзандларимизнинг тўйини ўтказишни режалаштиряпмиз.

Буларнинг барчасидан кўзланган асосий мақсад, аҳолини иш билан таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирган ҳолда турмуш фаровонлигини оширишдан иборат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер