Эгаси бор мулкнинг эртаси бор

11:48 30 Март 2022 Жамият
539 0

Фото: Халқ сўзи

Мулк ўз эгасини топиши, айниқса, хусусий сектор қўлига ўтишида ҳикмат кўп. Боиси уни қўлга киритган сармоядор, аввало. корхонада иш унумдорлиги, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлиги, ишлаб чиқариш ҳажми ошишидан манфаатдор. Бу ўз-ўзидан иқтисодиёт барқарорлиги, жамиятда фаровонлик гаровидир. Шу билан бирга бозорда монополиянинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериши билан аҳамиятли.

Президентимизнинг мазкур мақсадларни назарда тутган 2020 йил 27 октябрдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига биноан мамлакатимизда 32 та йирик давлат корхонаси ва хўжалик бирлашмаларининг трансформациясини ўтказиш, 39 корхонада корпоратив бошқарув ва молиявий аудитнинг замонавий стандартларини жорий этиш, шунингдек, операцион фаолиятининг самарадорлигини ошириш, 62 та йирик тизим яратувчи саноат корхоналарининг давлат улушини хусусий инвесторларга сотиш мақсадида инвестиция жозибадорлигини ошириш, 479 та корхонанинг давлатга тегишли акцияларини сотиш ва 15 та давлат кўчмас мулки объектини хусусий секторга сотиш вазифалари белгиланган. Шунингдек, илгарироқ қабул қилинган тегишли қарорлар асосида ҳудудий даражадаги маҳаллий ҳокимият органлари ваколатлари доирасида бир қатор давлат активларини хусусийлаштириш режалаштирилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Навоий вилоятига ташкил этилган пресс-турда бу йўналишдаги вазифаларнинг ҳудуддаги ижросига эътибор қаратилди.

— Вилоятимизда 2021 йилда 35 та 78,4 млрд. сўмлик давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилиб, шундан 25 та активлар тадбиркорлик субъектларига 66,5 млрд. сўмга сотилди, — дейди Навоий вилоят давлат активларини бошқариш бошқармаси бўлим бошлиғи Орзу Ҳотамов. — Мазкур корхоналарнинг барчасида шу орқали иқтисодий барқарорлик таъминланиб, янги иш ўринлари яратилмоқда.

Мисол учун, Кармана туманидаги «Навоий» ЭИЗ ҳудудида жойлашган «Полипропилен қувурлари» МЧЖнинг 100 фоиз давлат улушини “E-Auksion” савдо платформаси орқали “IHLAS ELEKTRIK” МЧЖ 34,8 млрд. сўмга сотиб олган эди. Қисқа фурсатда мазкур корхонада янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, 65 та иш ўрни яратилди. Иқтисодий самарадорлик ҳам ўсди. Хусусан, жорий йилнинг икки ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ишлаб чиқариш ҳажми 25 фоизга ошди. Технолог Аминжон Халиловнинг таъкидлашича, иккинчи чоракдан қўшни давлатларга маҳсулот экспорти режалаштирилмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари фаолияти билан танишган яна бир корхона Навоий шаҳридаги 2-бетон заводи бўлиб, давлат активлари хусусий сектор қўлига ўтгач, бу ерда шифер ва қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва ҳар бирида 50 тадан иш ўрни очилди.

Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилиб, унда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер