Дунёнинг энг билимдон ёшлари Наманганда беллашади
Жонажон юртимиз қадимий цивилизациялар бешиги, буюк алломалар ватани сифатида жаҳон эътиборини тортмоқда. Иккинчи бор ташкил этилаётган Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасига манзил этиб гўзал ва бетакрор, гуллар шаҳри Наманганнинг танлангани ҳам бунинг яна бир исботидир. Жорий йилнинг 20-27 апрель кунлари бўлиб ўтадиган жараёнларда бутун дунё бўйлаб энг иқтидорли ёшлар ўз билимларини синовдан ўтказади. Олимпиадада Туркия, Таиланд, Малайзия, Россия, Озарбайжон, Беларусь, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон жамоалари иштирок этади. Унга хорижий экспертлар, етук олимлар, профессор — ўқитувчилар ҳам жалб қилинган.
— Нуфузли тадбирнинг биринчиси Бухоро шаҳрида катта муваффақият билан ўтказилган эди, — дейди Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Соҳибжон Эргашев. — Вилоятимизда ташкил этиладиган беллашувларга ҳам ундан кам бўлмаган даражада ҳозирлик кўрилмоқда. Олимпиада маскани — Турон халқаро университети бинолари билимлар синови учун ҳар жиҳатдан шай қилиб қўйилди.
Ташкилотчилар тадбир меҳмонлари учун маданий дастур ҳам тайёрлаб қўйишган. Улар гуллар шаҳрининг диққатга сазовор манзиллари, маҳаллий аҳолининг ўзига хос урф-одатлари билан таништирилади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг