Дунёдаги энг сўнгги ёввойи отдан юртимизда неча бош бор?
Фото: Халқ сўзи
Аввало дунёдаги сўнгги ёввойи отнинг қандай аниқлангани ҳақида қисқача тўхталмоқчимиз.1879 йилда рус сайёҳи, табиатшунос Николай Пржевалский Марказий Осиё табиатини ўрганиш чоғида кўплаб ажойиботларга дуч келади. Улардан бири илм-фанда кейинчалик Пржевалский оти номи билан кирган жонивор эди.
Бу от йирик боши, оёғининг қисқалиги, тик турган қисқа ёли ва бошқа шу каби жиҳатлари билан хонакилардан фарқ қилади. Саёҳатчидан шу ёввойи ҳайвон ҳақида эшитган Санкт- Петербург зоология музейи ходими И. Поляков териси, бош суяги ва бошқа хусусиятларини ўрганган ҳолда унинг илм-фанга номаълум от эканлигини аниқлайди. Пировардида унга «Пржевалский оти» номи берилади.
Фалакнинг гардишини қарангки, орадан 80 йилча вақт ўтиб, бу ёввойи от очиқ табиатда йўқолиб, дунёдаги бир неча зоопаркдагина сақланиб қолади. Натижада дунёдаги энг сўнгги ёввойи отни сақлаш, уни кўпайтириш ҳаракати бошланади. 1969 йилда Прага шаҳрида айнан шу масалада халқаро анжуман ҳам ўтказилади. Бу от «Қизил китоб»га киритилади. Саъй- ҳаракатлар самарасиз қолмади, албатта. Айрим маълумотларга кўра, ҳозир дунё бўйича 1800-2000 бош атрофида Пржевалский оти бор. Ўзбекистонда эса фақат Бухоро ихтисослаштирилган «Жайрон» питомниги ҳудудида бу ноёб жониворни учратиш мумкин.
— Масканимизда ҳозир шу ноёб от 20 бошга етган, — дейди питомникнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилшод Турсунов. — Бу ерда уларнинг эмин-эркин юриши, кўпайиши учун зарур шарт-шароитлар мавжуд.
Пржевалский отлари жуда ҳуркак ва сергак. Одамларни ўзига яқинлаштирмайди. Уларни яқин масофадан туриб суратга тушириш осон эмас. Дунёдаги барча жонзотлар каби она табиат учун фойдали жиҳатлари бор. Масалан, унда йўғон ичак ошқозон вазифасини ўтайди. Шу боисдан озиқланганида ўсимлик уруғи ҳазм бўлмай қолади. Бу эса тупроққа тушган уруғнинг униб чиқиши, озуқабоп экинларнинг кўпайишига олиб келади. Ёввойи отнинг камёблигини эса яна бир жиҳат билан изоҳлаш мумкин. Тойчоғи табиатнинг турли синовларига дош бера олмай нобуд бўлиши эҳтимоли катта.
Бухоро ихтисослашган «Жайрон» питомнигига келсак, бу ерда айни пайтда жайронлар ва Пржевалский отларидан ташқари қулон, буғу, Бухоро тоғ қўйи каби ноёб ҳайвон турларини учратиш мумкин.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг