Дукчи Эшон ким бўлган?
Қирғизистон Республикасининг Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтган Андижон қўзғолонининг 125 йиллигига бағишланган илмий анжуманда шу каби саволларга жавоб берилди. 600 нафардан зиёд иштирокчи тадбирда бутун Туркистон халқларининг озодлиги йўлида амалга оширилган ушбу ҳаракатнинг аҳамияти ҳақидаги фикрлар билан танишдилар.
— Чор Россияси Фарғона водийсининг суғориладиган серунум ерларига славян деҳқонларини кўчириб келиши Андижон қўзғолонининг юзага келиш сабабларидан биридир, — дейди Ўш давлат университетининг доценти, тарих фанлари номзоди Т. Жаркинбоев. — Бу жараён қўзғолон бостирилганидан кейин ҳам давом этган. Славян деҳқонларига катта имтиёзлар берилган. Улардан 10 йилгача солиқ олинмаган. Шунингдек, фарзандлари ҳарбий хизматга жалб этилмаган. Славян деҳқонлари, гарчи, маҳаллий деҳқонларнинг 6 фоизини ташкил этган бўлсада, уларга суғориладиган мавжуд майдоннинг 55 фоизи тақсимлаб берилган. Бу адолатсизлик маҳаллий аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган.
Тадбирда бир гуруҳ ўзбекистонлик олимлар ҳам иштирок этишди.
— Тарих саҳифаларида Дукчи Эшон ҳақида нотўғри маълумот берилган, — дейди “Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди раҳбари Артиқали Ҳусанов. — Аслида у халқ озодлиги курашчисидир. Афсуски, биз бугунги тарих саҳифаларида ҳам унинг шахсини очиқлаб бера олганимиз йўқ. Жамоат фондимиз томонидан бу борадаги маълумотларни илмий тарзда асослаб беришга ҳаракат қилинмоқда.
Тан олиш керак, Ўзбекистон тарихи ҳақиқатни ифода этувчи янги саҳифаларга муҳтож. Бунинг учун республикамизда ҳам шу каби илмий анжуманларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг