Дори воситалари сифатли ва хавфсиз бўлиши зарур, акс ҳолда...
Сўнгги йилларда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласи тизимини яхшилаш, аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун барча қулайликлар яратилиб, соҳадаги қонунчилик базаси босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш — давр талаби” мавзуида ташкил этилган семинарда шу хусусда сўз юритилди.
Қуйи палата депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашган тадбирда “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларнинг айрим нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Яъни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатидан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаш нормаси ва унга алоқадор бўлган бандлар чиқарилмоқда.
Шу билан бирга, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланишини назарда тутувчи ортиқча бюрократик норма чиқариб ташланмоқда.
— Бугунги кунда инсон саломатлигини муҳофаза қилишда замонавий тиббий ёрдам билан бир қаторда, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлаш ҳам муҳим ҳисобланади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева. — Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса соҳадаги айрим такрорланувчи ва бюрократик талабларни бекор қилиш орқали аҳолининг сифатли, хавфсиз, самарадор ва арзон дори воситалари билан таъминлаш даражасининг ошишига хизмат қилади.
Семинарда сўз олган депутат Қизилгул Қосимова мазкур қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида фикр билдирар экан, дори воситалари инсоннинг дардига шифо бўлиши кераклиги, уларнинг соғлиққа хавф, ғирром даромад манбаига айланиб қолишига зинҳор йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
Муҳокамалар чоғида қонун лойиҳаси билан боғлиқ саволларга вазирлик ва идоралар мутахассисларидан асослантирилган жавоблар олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг