ДХХ хорижий рақамлардан бўлаётган шубҳали қўнғироқлардан огоҳлантирди
Фото: «Халқ сўзи»
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг телефон рақамларига хориждан шубҳали қўнғироқлар бўлиши кўп кузатилмоқда, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Мутахассислар томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида аниқланишича, бундай қўнғироқлар оддий телефон эмас, балки интернет ва махсус дастурлар орқали амалга оширилади. Бунда фирибгарлар ушбу тизимлар ёрдамида ўзларининг ҳақиқий рақамларини яшириб, телефон экранида исталган давлатнинг сохта рақамини кўрсатиши мумкин.
Қайд этилишича, улар қўнғироқни интернет орқали юбориб, рақамни аввалдан сохталаштириб қўйганликлари боис, мобил компаниялар тизимида бу қўнғироқни ким ва қаердан амалга оширганини аниқлаш мушкул. Бундай рақамлар хусусида махсус базаларда ҳеч қандай маълумот бўлмайди. Бу эса уларнинг аслида SIM-карта эмаслигини, балки қўнғироқ пайтида сохталаштирилган ва вақтинчалик рақамлар эканини англатади.
ДХХга кўра, шубҳали қўнғироқлар абонентлар учун қуйидаги хавфларни юзага келтиради:
• бундай хорижий рақамларга қўнғироқ қилиш телефон балансидаги маблағнинг ечиб олинишига сабаб бўлади;
• фирибгарлар ўзларини турли ташкилот ходими сифатида таништириб, шахсий маълумотлар ва банк картаси кодларини билиб олишга уринади;
• гўшакни кўтариш рақамингизнинг «фаол» эканлигини билдиради ва натижада сизга бўладиган фирибгарлик ҳужумлари сони кескин ортади;
• сизнинг овозингиз ёзиб олиниб, кейинчалик сунъий интеллект ёрдамида сохталаштириш орқали яқинларингизни алдаш учун ишлатилиши мумкин.
«Ҳурматли фуқаролар, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик учун нотаниш ва шубҳали чет эл рақамларидан бўлаётган қўнғироқларга жавоб бермаслик, уларга қайта қўнғироқ қилмаслик, ушбу рақамларни блоклаш ҳамда шахсий маълумотларингизни бегоналарга ошкор қилмасликни тавсия этамиз», дейилади хабарда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг