Дилмурод Набиев: Президентимиз Мурожаатномаси бизга муҳим дастуриламал бўлади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасида жамиятда соғлом турмуш тарзи ва спортни янада оммалаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, мамлакатимизда спортни жадал ривожлантириш, халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга бундан буён ҳам катта аҳамият беришни, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш мақсадида энг чекка туманларда ҳам болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ташкил этиш кераклигини муҳим вазифа этиб белгилади.
Шунингдек, Мурожаатномада 2020 йил Токио шaҳридa (Япония) бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тайёргарликни ҳозирдан бошлаш, мамлакатимизда қишки спорт турлари бўйича халқаро талаблар даражасида спортчилар тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш масаласининг долзарблигини алоҳида таъкидлади.
Пойтахтимизда барпо этилаётган “Ҳумо” муз спорти саройи, шунингдек, яқинда Тошкент вилоятининг Амирсой дам олиш масканида ишга тушириладиган замонавий мажмуа мазкур мақсадларга хизмат қилади.
Шунингдек, Президентимиз келгусида ёзги Осиё ўйинларидан бирига мезбонлик қилиш бўйича истиқболли режа ишлаб чиқишни бошлашимиз керак, дея алоҳида тўхталиб ўтди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги юртимизда йирик нуфузли халқаро комплекс мусобақалар ўтказилишига эришиш, хусусан мамлакатимизда 2030 йилги ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилишга шарт-шароит яратиш бўйича ўз олдига муҳим вазифалар белгилаб олди.
Аслида, нуфузли мусобақаларни ўтказишдан аввал, Осиё ўйинларининг ўтказилиш тарихи, бу борада юқори тажрибага эга давлатлар ютуқлари, ўйинларни ўтказадиган мамлакатга қўйиладиган асосий талаблар, мусобақаларни ўтказиш учун зарур инфраструктураларни ўрганиш зарур.
Президентимиз томонидан берилган ушбу топшириқларни бажариш учун келгусида барча имкониятлар ишга солиниши лозим.
Нуфузли халқаро комплекс мусобақалар ўтказиш мақсадида республикадаги мавжуд спорт иншоотлари, логистика, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмалари қувватларини таҳлил қилиш ва чет эл тажрибасини ўрганиш асосида муносиб спорт инфратузилмасини яратиш масалалари юзасидан ҳукуматга таклифлар киритилади. Ушбу мусобақалар учун қуриладиган иншоотлар халқимизга узоқ йил самарали хизмат қилиши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан энг чекка туманларда ҳам болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини қуриш вазифаси қўйилди. Ушбу спорт иншоотларини қуришда маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда, янги технологиялар ва енгил конструкциялар асосида лойиҳалаштириш режалаштирилган.
Янги қуриладиган иншоотларда тарбияланувчи бўлғуси чемпионларга барча қулайликлар яратилади. Ушбу иншоотлар жаҳон стандартларига тўла жавоб бера оладиган, юртимизда ишлаб чиқариладиган спорт инвентарлари билан жиҳозланади.
Бугунги кунда вазирлик томонидан юртимизда қишки спорт турларини ривожлантириш мақсадида Россия ва Беларусь давлатлари тажрибасини ўрганиш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, Ўзбекистонда Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети филиали ҳамда Беларусь давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан ҳамкорликда қўшма факультет ташкил этилмоқда. Бундан ташқари спортчиларимизга ушбу давлатлардаги спорт иншоотларида шуғулланиш ва тажриба орттириш имконияти яратилади.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси келаси йилда биз учун қилиниши лозим бўлган ишлар учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Дилмурод НАБИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг