Депутатлар таклифи билан спорт ва аҳолини соғломлаштириш ишларига бюджетдан ажратиладиган маблағлар ошмоқда

18:56 20 Ноябрь 2023 Сиёсат
361 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида дастлаб Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи якунлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш энг устувор вазифага айланган ва бунда аҳолининг бирламчи эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2022 – 2026 йилларни Сурхондарёда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашнинг беш йиллиги деб эълон қилиниб, қарийб 1 минг 700 километр сув тармоқларни қуриш кўзда тутилган.

Сариосиё туманида жойлашган Тўполанг сув омборидан Термизгача тортиладиган 386 километрлик магистраль сув тармоғи шубҳасиз аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Ҳозир вилоят аҳолисининг 58 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Ушбу лойиҳа натижасида бу кўрсаткич 90 фоизга етказилади.

Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида тумандаги «Боғистон» маҳалласида ушбу лойиҳанинг биринчи босқичини ишга тушириш маросимида қатнашиб, рамзий тугмани босган ҳолда, «оби ҳаёт» йўлини очди. Мазкур босқичда сув Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларига етиб борди ва вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 70 фоизга етди.

– Сурхондарё вилоятида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи яқин-яқингача энг катта муаммолардан бирига айланган ва бу масалани ижобий ҳал этиш гўё иложсиздек эди, – дейди фракция аъзоси Ғайрат Сафаров. — Ўтган даврда бу борада салмоқли ишлар қилинди.

Йиғилишда «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қуйи палата депутати Жаҳонгир Абдурасуловнинг айтишича, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда тайёрлаш жараёнида депутатларнинг саволлари, таклиф ва тавсиялари кўриб чиқилган ҳолда, лойиҳага кўплаб ўзгартишлар киритилди. Жумладан, биринчи ўқишда фракция томонидан спорт ва аҳолини соғломлаштириш ишларига бюджетдан ажратилган маблағ камлиги қайд этилган эди.

Лойиҳани иккинчи ўқишда тайёрлаш жараёнида ушбу эътирозлар инобатга олиниб, соҳага яна қўшимча 54 млрд. сўм ажратиладиган бўлди. Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасидан ўқувчи ёшларнинг кутубхонадан кечки вақтда фойдаланишларига шароит яратиш мақсадида бюджетдан ташқари ахборот кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси харажатлари 1,2 млрд. сўмга кўпайтирилди.

Муҳокамалар давомида фракция аъзоси Жаҳонгир Мамажонов мактабгача ва мактаб, олий таълимни лаборотория, хусусан, виртуал лаборатория жиҳозлари билан таъминлашга маблағ ажратилмаётганига эътибор қаратди. Мутасаддилар ушбу масалага ойдинлик киритиб, 2024 йилда биргина лабораториялар учун реактивлар сотиб олишга 15 млрд. сўм ажратилгани, бу маблағлар маҳаллий бюджет параметрлари туришини, ўтган йили бу маблағ 11 млрд. сўмни ташкил қилганини маълум қилди. Мактабларни электрон, яъни виртуал доскалар билан таъминлаш масаласи ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Қизғин савол-жавоблар давомида депутатлар йўл инфратузилмаси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Уларнинг фикрича, бугунги кунда Ўзбекистонда 14 863 та кўприк бор, шундан 32 фоизи, яъни 4 834 таси қониқарсиз, 5-6 фоизи эса яроқсиз ҳолатда. Жорий йилда давлатимиз раҳбари томонидан авария ҳолатидаги кўприкларни тиклаш бўйича алоҳида қарор қабул қилинган ва унда 2024, келгуси йилларда давлат бюджетидан зарур маблағларни ажратиш белгиланган. Бу бўйича алоҳида дастур қабул қилинган ва унда келгуси йилда 226 та кўприкни тиклаш кўрсатилган.

Лекин 2024 йилги бюджетда 27 та эски кўприкни таъмирлашга пул ажратилиши белгиланган холос. Фракция аъзолари қолган кўприклар қайси маблағ ҳисобидан таъмирланади, деган савол билан мутасаддиларга мурожаат қилди. Мутасаддилар кўтарилган барча саволлар юзасидан батафсил тушунтиришлар беришди.

Узоқ давом этган савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер