Депутатлар махсус қабулхона фаолияти билан танишдилар
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармаси ҳузуридаги махсус қабулхонада бўлиб, унинг фаолияти билан танишдилар.
Бундан кўзланган мақсад Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни жойида ўрганишдир.
Ташриф давомида депутатлар махсус қабулхона ҳудуди, фаолияти ва яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди, махсус қабулхона ходимлари ва маъмурий қамоқни ўтаётган шахслар билан суҳбатлашди.
Қайд этиш жоиз, тезкор ходимлардан жиноят содир этилишининг барвақт олдини олиш, фош этиш ҳамда қидирувдаги шахсларни ушлаш учун ўз вақтида тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноятларни аниқлашда ташаббус кўрсатиш, жиноий фаолиятни зудлик билан ҳужжатлаштириш, жиноят содир этиш ниятида бўлган ёки жиноят содир этган шахсларни аниқлаш учун қонунда назарда тутилган барча чораларни ўз вақтида кўриш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаши, шунингдек жиноят содир этилишига олиб келувчи сабаб ва шароитларни аниқлашни назарда тутувчи норма белгиланиши мақсадга мувофиқ.
Бу эса ўз навбатида, амалдаги мазкур соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киртишни тақозо этмоқда. Шу сабабли, қонун лойиҳасига мувофиқ, «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонунга 10-1-модда киритилмоқда. Унга асосан «махсус қабулхоналарда жиноятларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш, уларга барҳам бериш ва уларни фош этиш, шунингдек жиноятларни тайёрлаётган, содир этаётган ёки содир этган шахсларни аниқлаш ҳамда топиш мақсадида, қонунчиликда белгиланган тартибда тезкор-қидирув фаолияти амалга оширилади», деб янги тахрир киритилди.
Мазкур ўзгартишлар фуқароларни жиноят қурбонига айланишининг олдини олиш ва огоҳликка чақириш мақсадида терговга қадар текширув органларидан, суриштирув, дастлабки тергов органларидан, суддан яширинган ҳамда жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахслар тўғрисида маълумотларни етказишга, бедарак йўқолган шахсларни ўз вақтида аниқлаш бўйича кенг жамоатчиликни фаол жалб этиш йўли билан ўз вақтида бедарак йўқолган шахсларни топишга ва жиноятларнинг ҳолатларини, уларни содир этган шахсларни аниқлаш, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлардан, суриштирув, дастлабки тергов органларидан, суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек бедарак йўқолган шахсларни қидириш самардорлигининг ошишига имкон беради.
Ташриф якунида махсус қабулхона раҳбарияти депутатларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг