Деҳқончиликда тажрибанинг ўзи камлик қилади

20:06 23 Февраль 2023 Жамият
668 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари учун уруғ экишдан тортиб экспортгача бўлган барча жараёнда фермер ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа ер эгалари билан фаол ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Бу эса вилоятда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришда илмий тажрибаларни амалиёт билан ўзаро уйғунлаштириш имконини бермоқда.

Айтиш жоизки, бошқарма қошида фаолият кўрсатувчи Фитосанитария лабораториясида биргина ўтган йилнинг ўзида мевали боғлар, иссиқхоналар ва аҳоли томорқаларидан 10 мингдан ортиқ намуналар текширилди ва лаборатория хулосалари берилди. Шунингдек, мобил сайёр лаборатория фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, 2022 йили шаҳар-туманларда ўсимликлар касалликлари профилактикаси, ҳосилдорликни ошириш, маҳсулот сифатини яхшилашга доир мингдан зиёд ҳолатлар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.

— Бугунги кун талаби ва эҳтиёжи асосида ишлаш учун вилоятда ўсимликларнинг вирусли ва бактериологик касалликларини аниқловчи замонавий лаборатория фаолияти ҳам ташкил этилди, — дейди Фитосанитария лабораторияси мудири Абдурауф Маҳмудов.  — Лабораторияга Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан 164 минг долларлик ускуналар олиб келинди.

Ўтган қисқа вақтда лаборатория ходимлари, айниқса, томорқачиликда ўзига хос тажриба мактабига эга Олтиариқ ва Ёзёвон туманида қувонарли натижаларга эришмоқдалар.

 — Бундан буён деҳқончиликда тажрибанинг ўзи камлик қилади, чунки соҳага доир илм-фан ютуқларидан, инновацион янгиликлардан бохабар бўлиш ва амалда қўллаш ҳаётий заруратга айланди, — дейди ёзёвонлик соҳибкор Машрабжон Жўраев. —  Шунинг учун биз ҳам вилоятимиздаги ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорлик қилишга, илмий тадқиқотлардан фойдаланишга интиляпмиз. Бу эса ўз натижасини беряпти. Масалан, ўтган йили мўъжазгина томорқамизда йигирма тоннадан кўпроқ лимон, бодринг-помидор етиштирдик. Биз доимий ҳамкорликда ишлашдан манфаатдормиз.

 

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер