«Даян маликаси»
Фото: Архив сурат
Диёра Имомалиева Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Лангарбобо қишлоғида туғилган. Ҳозирда мана шу қишлоқда жойлашган 18-умумтаълим мактабида ўқийди.
Эндигина ўн етти баҳорни қарши олган бу қиз тенгдошларидан анча олдинда. У беш яшарлигидаёқ оила остонасидан қишлоқ мактабида очилган спорт тўгарагига, ундан кейин эса Наманган шаҳридаги якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг таэквондо клубига, шу клубдан жаҳон спорт ареналарига қадар зафарли йўлни босиб ўтди. Унинг қадамлари Жанубий Корея, Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Иордания, Ветнам сингари кўҳна мамкатлардан ўтиб борди. Бу йўлларда Диёра Имомалиевага 4 марта Ўзбекистон чемпионлиги, 2 марта Ўзбекистон кубоги соҳиблиги, Осиё чемпионатининг кумуш медали насиб этди. Унинг ҳисобига 71 та жанг, 51 та олтин медаль ёзиб қўйилди.

Бугун Диёра таэквондонинг WTF тури бўйича Ўзекистон терма жамоасининг умидли вакиласи. Шу билан бирга Ўзбекистон спорт устаси, 1-Дан қора белбоғ соҳибидир.
— Биринчи марта, яъни 2017 йилда Жанубий Кореяга борганман, — дейди у. — Ўша мамлакатнинг Чунчон шаҳрида ўтказилган мусобақадан кумуш медаль билан қайтдим. Дунёга чиқишимнинг ана шу дастлабкиси ўта оғир кечган: аввал суриялик, кейин хитойлик, иордан ва ҳатто қатарлик рақибларни ҳам енгдим, аммо сўнгги босқичда тайландлик рақибимга омад кулиб боқди.
Аслида инсонлар омадли бўлиб туғиладиларми ва ё омадли бўлиб улғаядиларми?
Афтидан Диёра бу икки турга ҳам бирдек дахлдор. Чунки унинг спортсевар бобоси, раҳматли Имомали ака ўғил набираси – Жасурбекдан ҳам кўра Диёрада ниманидир илғаганми, уни спортга беришларини талаб қилиб туриб олган эди.
— Бобом менинг ҳаётимга спортни олиб кирган биринчи одам. То умрининг сўнгига қадар мени ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган ҳам бобом. Улар менинг ҳар бир қадамимга посбонлик қилди, ҳар бир ютуғимни шараф билан кутиб олди. Умрининг охирида эса ана шу шарафни дадамга васият қилиб кетди. Энди эса менинг спортдаги «юриш»ларим билан устозларим қаторида дадам шуғулланяпти.
Муваффақият қозонаётган спорт соҳибининг манглайида яна бир бахт бор: бу — дунё кўриш. Диёранинг энг катта бахти ҳам шунда. Айтайлик, унинг иккинчи сафари 2018 йилда Таиланднинг Бангкок шаҳрига бўлди ва у ушбу қироллик мамлакатидан олтин медаль билан қайтди.
— Кореяга қилган биринчи сафарим болалик ҳайратларимнинг энг катта чўққиси эди. Чунки бу юрт нафақат мен эгаллашга уринаётган таэквондонинг «ватани», балки шиддатли тараққиёт замонида «Осиё йўлбарси» деб ном олган ва юқори технологиялар – роботлар юртига айланган сеҳрли диёр ҳам эди. Орадан бир йил ўтиб, Бангкокда бўлдим ва мен яна бир мўъжизалар шаҳрига тушиб қолгандек бўлдим. Оқ филни ва одамсимон маймун (гиббон)ни ана шу юртда кўрдим. Мамлакатнинг деярли ярми тоғ ва ўрмонлардан иборат Таиландда бамбукзор, саванна ва бутазорларга дуч келдим.
2019 йили «даян маликаси» Бирлашган Араб Амирлигига – Дубайга борди. У ерда ўтказилган мусобақада Диёранинг медаль шодалари битта кумушга кўпайди.
Дарвоқе, «даян» сўзи маъносини Диёранинг ўзи шундай изоҳлайди:
— Таэквондо – корейсча «таэ» – оёқ, «квон» эса қўл маъноларини англатади. Ундаги «до» ҳам алоҳида мазмунга эга. Яъни «до» — бу йўл. Бошқача айтганда, оёқ ва қўлларнинг ҳаракат йўли демакдир. Аслида эса корейслар «до»га ҳаёт йўли сифатида ёндашадилар. Бу чуқур маънога эга. Бу спорт ўзликни англашга, табиат билан уйғунлашишга, ўзини-ўзи бошқаришга ўргатади. Ушбу фалсафанинг марказида табиатнинг иккита қарама-қарши кучлари – Йин ва Янг ўртасидаги ўзаро таъсир тушунчаси ётади. Бу кучлар маълум майдон – 8 га 8 ўлчамдаги «даян»да курашадилар. Демак, «даян» жанг майдони, бошқача айтганда, татами маъносини беради.
Диёра дунёга чиқишда давом этмоқда. У 2019 йилнинг ўзида Иорданиянинг Аммон ва Туркиянинг Истанбул шаҳарларида бўлди. Спорт уни Шарқнинг ажойиботлари билан яқиндан таништирди. Шу тариқа бугун ўн етти баҳорни қаршилаган бу қизнинг онгу шуурида янги маданий қарашлар пайдо бўлди.
Қаранг, биргина спорт нафақат жисми-жон табиби, шунингдек, ақл ва руҳ малҳами ҳам эканки, кеча Диёранинг спортдаги қадамларига шубҳа билан қараганлар бугун унинг истиқболига ҳавас қилишмоқда.
Диёра шу йилнинг ўзида Корея, Ветнам, Туркия давлатларида ўтказилган нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, медаллар шодасини янада бойитиб қайтди.
— Шу кунлардаги ўй-хаёлим - жаҳон чемпиони бўлиш, 2024 йилда Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига ҳозирлик кўриш ва унда Ватанимиз байроғини баланд кўтариш, — дейди у.
Нима ҳам дердик, ният хайрли, марра юксак! «Даян маликаси»га фақат зафар тилаймиз.
Саидолим АБДУРАҲМОНОВ, журналист,
Наманган вилояти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг