Давлат ва жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди
2023 йил 26-центабр куни бўлиб ўтган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритилиши режалаштирилган бир қатор қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
“Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги, “Солиқ ва бюджет қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Хусусан, “Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонун педагог ходимнинг жамиятдаги мақомини юксалтириш, унинг фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва касбий камол топиши учун шароит яратиш ҳамда ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилгани алоҳида таъкидланди.
Қонунда педагоглар касбий фаолиятни амалга ошириш учун ҳуқуқлари белгилаб қўйилмоқда. Хусусан, педагоглар касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиши, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижодий таътил олиши, таълим ташкилотини бошқаришда, шунингдек таълим ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиши, ўз касбий фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувдан ҳимояланиш ҳамда таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) томонидан педагогнинг касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишини талаб қилиши мумкин.
Шу билан бирга, Қонунда педагогнинг ўз касбий фаолиятини амалга ошириши чоғида тақиқланадиган ҳолатлар ҳам кўрсатиб ўтилмоқда. Хусусан, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатиш, шунингдек, хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш тақиқланмоқда.
Қонунда педагогик этика қоидалари, педагогларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, аттестация ва уларнинг малака тоифаларини бериш бўйича қоидалар ҳам киритилмоқда. Этика қоидалари таълим ташкилотлари учун тегишинча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.
Педагогни ўз касбий фаолиятига кирмайдиган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштириш, қишлоқ хўжалигидаги ишлар ва йиғилишларга жалб қилиш тақиқланмоқда.
Шунингдек, педагоглардан ҳисоботлар ва бошқа маълумотларни талаб қилиш, фаолиятини асоссиз равишда текшириш, давлат ва нодавлат ташкилотлар тадбирларида қатнашишга мажбурлаш ман этилмоқда.
“Солиқ ва бюджет қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокамасида эса Бюджет кодекси ва бошқа яна бир қатор қонунларга муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётгани айтиб ўтилди.
“Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқиш жараёнида эса Қонун 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга доир Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган айтиб ўтилди.
Янги Қонун билан 18 ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.
Ушбу Қонун вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириши учун шароит яратади.
Қўмита мажлисида яна бир нечта қонунлар қизғин муҳокама қилинди ва қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан Сенат аъзолари, экспертлар ва тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари ўз фикрларини билдирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг