Давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланмоқда

12:37 07 Апрель 2026 Сиёсат
198 0

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Сенатнинг 14-ялпи мажлисида “Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш ягона қонунчилик ҳужжати билан тартибга солинмасдан, 10 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгиланган.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Аммо фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган зарарни қоплашда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пул тўловларини амалга оширишнинг аниқ механизмлари мавжуд эмас. Шу боис ушбу соҳадаги муносабатларнинг ва тартиб-таомилларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш алоҳида қонун ҳужжатини қабул қилиш заруратини юзага келтирмоқда.

Мазкур Қонун юқорида қайд этилган масалаларнинг ҳуқуқий ечими бўлиб, унинг мақсади давлат ҳокимияти ваколатларига эга бўлган органнинг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда зарарнинг ўрнини регресс тартибида ундиришни тартибга солишдан иборатдир.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Зарарнинг ўрни қоплаб берилганда ва кейинчалик зарар етказган айбдор шахсга нисбатан қонунга мувофиқ регресс ҳуқуқи юзага келган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс фаолият юритаётган ёки муқаддам ишлаган давлат органига талабнома киритиши белгиланмоқда.

Қонунда қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби асосий принциплар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, мулкий зарарларни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва уларнинг манбалари аниқ кўрсатилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Сенаторлар қайд этганидек, Қонуннинг қабул қилиниши қонунга хилоф қарорлар туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер