Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижроси маъқулланди

18:45 10 Май 2023 Сиёсат
605 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2023 йил биринчи чоракдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатдаги етакчи сиёсий куч сифатида давлат иқтисодий сиёсати самарадорлигининг бош мезони — мамлакат рақобатбардошлиги, фуқаролар ҳаёти сифати, оилалар фаровонлигининг изчил ва жадал юксалиши, деб билади.

Шу боис, йиғилишда асосан иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, таълим, маданият, туризм ва инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар депутатларнинг диққат марказида бўлди.

Тақдим этилган ҳисоботга кўра, ўтган даврда бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Хусусан, миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва ялпи ички маҳсулотда саноат улушини оширишга қаратилган саноат сёсатини давом эттириб, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баробарга ошириш мақсад қилиб олинди.

Биргина иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда "Яшил иқтисодиёт" технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш мақсадида 4,5 минг МВт қувватга эга 11 та йирик лойиҳани якунига етказиш бўйича тармоқ жадвали тасдиқланиб, бу борада ишлар тизимли равишда олиб борилаётир.

Шунингдек, рақамли иқтисодиётни асосий "драйвер" соҳага айлантириш мақсадида "Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури" тасдиқланди.

Ушбу Дастур доирасида сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш бўйича умумий қиймати 37,8 млрд. сўмга тенг 31 та лойиҳа молиялаштирилган бўлса, шундан 6 тасини фундаментал, 10 тасини амалий, 12 тасини инновацион ва 3 тасини халқаро лойиҳалар ташкил этади.

Фракция аъзолари ҳисобот даврида 2,55 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, прогноз 167 фоизга бажарилгани, хусусан, асосий капиталга инвестициялар 2,2 млрд долларни, жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар бўйича 2 млрд долларни ташкил этганини ижобий баҳолашди.

Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар бўйича тармоқ корхоналарида 1 млрд доллар, ҳудудий лойиҳалар бўйича 1,3 млрд доллар маблағ ўзлаштирилгани, инвестиция дастури доирасида 1,1 млрд долларлик 1 795 та йирик ва аҳамиятли лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 25,6 мингта янги иш ўринлари яратилгани мамнуният билан тилга олинди.

Йиғилишда ЎзЛиДеП сайловолди дастурининг яна бир муҳим йўналишларидан бири қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилдики, Давлат дастурида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Унга кўра, 750 мингта янги деҳқон хўжаликларини тадбиркорга, ер эгасига айлантириш, бунинг ҳисобига қишлоқларда ижтимоий муаммолар, аввало, ишсизлик ва камбағаллик масаласини ҳал этиш ишларини давом эттириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ кенг қамровли ишлар олиб борилди.

Фракция аъзолари Давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни ижобий баҳолаш билан бирга, мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар сабабли тадбиркорлар сафи кенгайиб, аҳолининг аксарият қисми шу соҳада меҳнат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Муҳокамалар давомида Давлат дастурининг ижроси юзасидан қатор саволлар берилди, асосли таклифлар билдирилди. Депутатлар томонидан кўтарилган барча саволларга тегишли вазирликлар масъуллари атрофлича жавоб қайтарди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг Давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер