Давлат бюджетининг 2019 йилги харажатларига ўзгартиш киритилди
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети харажатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масала Сенатнинг бугунги ялпи мажлиси муҳокамасига киритилганди.
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджетини ижро этиш жараёнида айрим соҳалар бўйича харажатлар ортганлиги сабабли қўшимча маблағлар йўналтирилганлиги учун тасдиқланган параметрларга нисбатан ушбу йўналишдаги харажатлар 10 фоиздан зиёдга ортиши, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини сақлаш харажатлари эса 12,3 фоизга камайиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 144-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йилга тасдиқланган харажатлар параметрларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги тақдимномаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига киритилган.
Тақдимномада Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йилга тасдиқланган харажатлар параметрларини тегишли йўналишлар бўйича 11676,3 млрд. сўмга ошириш ва 95,2 млрд. сўмга камайтириш бўйича ўзгартириш киритиш сўралган.
Жумладан, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 5409,4 млрд. сўм, иқтисодиёт харажатларига 3437,7 млрд. сўм, уй-жойлар қуриш дастури иштирокчиси бўлган банклар кредит линияси учун 1100, млрд. сўм, марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш учун 1082,8 млрд. сўм, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, адлия ва прокуратура органларини сақлаш учун 512,6 млрд. сўм, ҳуқумат ва маҳаллий бюджетлар захира жамғармаларига 105,0 млрд. сўм ҳамда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига 28,6 млрд. сўм йўналтирилиши режалаштирилган.
Шунингдек Президентнинг 2018 йил 24 декабрдаги Қарорига биноан “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари лавозими тугатилиб, мазкур штат бирлиги ҳисобидан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими жорий этилиши муносабати билан фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини сақлаш харажатларини 95,2 млрд. сўмга камайтириш ҳам кўзда тутилган.
Шу муносабат билан, 2019 йил Давлат бюджет параметрларида қайд этилган масалалар бўйича тасдиқланган маблағларни ўзгартириш талаб этилади.
2019 йил Давлат бюджети харажатларининг юқорида қайд қилинган йўналишларига ўзгартириш киритиш бўйича Сенат Қарорини тайёрланди ва қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг