Давлат байроғи — миллий ғурур, мустақиллик ва бирлик рамзи
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда Ёшлар парламенти ҳамкорлигида “Давлат байроғи — миллий ғурур, мустақиллик ва бирлик рамзи” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон мустақилликка эришганининг дастлабки йилиданоқ мамлакат суверенитетининг муҳим белгиси — Давлат байроғига эга бўлди. 1991 йил 18 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Байроқ суверенитетимизнинг рамзи ҳисобланиши, шу билан бирга, халқаро муносабатларда давлат тимсоли бўлиши мазкур қонунда белгилаб қўйилди.
Бугун байроғимиз фақат Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча эл-элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни яқинлаштирадиган воситага айланди.
Қонунчилик палатаси депуталари, Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва Ёшлар парламенти аъзолари мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни борлигини, хусусан, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур давлат рамзлари, жумладан, давлат байроғини яратиш аслида мусаввир қаламига мансуб ижодий ишлигини, ўз ватанининг давлат байроғини яратиш ва унинг муаллифи бўлиш ижодкор учун улкан фахр, ифтихор эканини билдирди.
Ўтган йиллар давомида Давлат байроғига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Хусусан, 2023 йил 7 июль куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.
Қонунчиликдаги ўзгаришлар давлатимиз рамзлари элементларидан хусусий манфаат йўлида фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади. Асосийси, тарихий ва боқий қадриятларимиз асосида яратилган, халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги тимсоли бўлган давлатимиз байроғи ва гербига нисбатан ҳурматни қонуний жиҳатдан мустаҳкамлайди.
Тадбирда янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эгалиги, давлат рамзлари давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида белгилаб қўйилгани, сўнгги йилларда жойларда мағрур ҳилпираётган байроғимиз атрофида турли маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ташкил этилаётгани қайд этилди. Ҳозирги давр ёшларда Ватанга бўлган муҳаббатни янада кучайтириш мақсадида байроқдан фойдаланиш доирасини кенгайтириш заруратини тақозо этаётгани айтилди.
— Байроғимизда акс этган ҳар бир ранг, белги юртимизнинг бой тарихи, миллий давлатчилигимиз, бебаҳо қадриятларимизни, Ватанимизнинг буюк келажагини ифода этиб, республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева. — Шу боис, байроғимизга назар солганимизда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз. Зотан, байроқ бу — эркинлик, озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли, у бор экан, миллат бор, давлат ва Ватан бор. Демак, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!
Тадбирда сўз олганлар давлат рамзларига оид қонуности ҳужжатларини янада такомиллаштириш, ёш авлодни давлат рамзларига нисбатан ҳурмат, фахр-ифтихор руҳида тарбиялаш борасида ташвиқот-тарғибот ишларини янада кучайтириш лозимлигини билдирди.
Тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазалар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг