Дарахтларни кесишга мораторий қўйиладими?

18:15 04 Июнь 2018 Жамият
1996 0
Фото: gotrip.uz

Мамлакатимизда ўз фаолиятини бошлаган “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталига дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича билдирилган мурожаат ўн мингдан ортиқ овоз олди. Қоидага кўра, у мамлакат парламенти томонидан кўриб чиқилиши керак. Яъни қонун чиқарувчилар мазкур фикрга 60 кун давомида жавоб бериши зарур.

Мурожаат муаллифи Никита Макаренко дарахтларни асраб-авайлаш ва аҳоли яшаш пунктларини ободонлаштиришга оид қонунчиликни қайта кўриб чиқишни таклиф этган.

Шу орқали шаҳар ва қишлоқларда ҳар қандай дарахтларнинг кесилишига мораторий қўйишга чақирилган. Бундан ташқари, унда ҳокимликлардан дарахтларни кесишга рухсат бериш ҳуқуқини олиб қўйиш, 70 ёшдан катта дарахтларни кесмаслик, шунингдек, кенг ваколатларга эга экология полициясини тузиш таклиф қилинган.

Бу борада қайд этиб ўтилган кесиш учун рухсатномалар онлайн-реестрини яратиш бўйича ғоя яқинда амалга оширилгани ҳақида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хабар берганди.

Маълумот учун, Тошкент ва бошқа шаҳарларда турли ёшлардаги, ҳатто соғлом дарахтларни ҳам ҳар хил баҳона-сабаблар билан кесиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Mening fikrim” порталига бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан асос солинган. Унда мурожаат қолдириш учун Ягона иднетификациялаш тизими орқали рўйхатдан(авторизациядан) ўтиш даркор. Мурожаат парламент миқёсида кўриб чиқилиши учун 10 минг овоз, халқ депутатлари вилоят Кенгашларида муҳокама этилиши учун 5000 овоз, туман ва шаҳар Кенгашларида кун тартибига қўйилиши учун 1000 та овоз олиши керак.

   

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер