Чорвачилик тармоқлари давлат томонидан қўллаб-қувватланади
Қишлоқ жойларида яшовчи фуқаролар чорва оиланинг баракаси эканини яхши билади. Чунки ҳовлисида битта соғин сигири бор рўзғорнинг дастурхони файзли, қўшимча даромадли бўлади. Бугун юртимизда чорвачиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашдир.
Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда республикамизда 13,2 млн бош қорамол, 22,4 млн бош майда шохлилар мавжуд бўлиб, чорвачиликка ихтисослашган 7 минг яқин хўжалик фаолият юритмоқда. Хусусан, 34 қорамолчилик, 13 паррандачилик, 36 балиқчилик ва 15 та асаларичилик кластерлари ташкил этилди.
Кўп тармоқли фермер хўжаликлари ва аҳолининг бу машғулот билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилиб, мазкур соҳада ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилди. Биргина 2020 йилда қиймати 1 трлн. 800 млрд. сўмлик 932 та, жумладан, чорвачилик соҳасида 789 млрд. сўмлик 506 та, паррандачиликда 348 млрд. сўмлик 183 та, балиқчиликда 550 млрд. сўмлик 134 та ва қуёнчилик соҳасида қиймати 98 млрд. сўмлик 109 та лойиҳалар амалга оширилди.
Президентимиз жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида қайси вилоятга ташриф буюрмасин, чорвачилик мавзусига алоҳида тўхталиб, соҳа мутахассислари ва мутасаддилари олдига аниқ вазифалар қўймоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан чорвачилик соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашда қўл келяпти.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 мартдаги «Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимиздаги наслли чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган кластер корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари учун катта имкониятларни яратиб беришига аминман.
Нега десангиз, қарор билан 2021 йил 1 мартдан бошлаб Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг компенсация ва кафиллигидан фойдаланган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик йўналишидаги кредити бўйича тўловларни ўз вақтида қайтараётган тадбиркорлик субъектларига, уларнинг кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланмагунча, янги кредитлар бўйича жамғарманинг кафиллигидан яна фойдаланишга рухсат берилмоқда.
Жорий йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар наслчилик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан келтирилган товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда уларни олиб киришда ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддати 180 кунга узайтирилиб, тўланган қўшилган қиймат солиғининг ҳисобот даври якунидаги салбий фарқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига асосан тезлаштирилган тартибда 20 кундан кечиктирмасдан қоплаб берилади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилади.
Булар ҳали ҳаммаси эмас. Ушбу қарорга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг чорвачилик йўналишидаги лойиҳалари, уларни амалга ошириш гуруҳлари лойиҳа доирасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартномалар ва мол-мулклари билан биргаликда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига ўтказилди.
Эндиликда қўмита Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш бўйича Франция тараққиёт агентлигининг кредит линиясини 2021 йил 1 июлига қадар ҳамда Жаҳон банки кредит линиясини 2021-2022 йилларда жалб қилиш чораларини кўради.
Булардан ташқари, Қашқадарё вилоятининг барча туманларида чорвачиликни ривожлантиришга оид лойиҳаларни амалга оширишга АТ Халқ банки ва бошқа тижорат банклари томонидан 2021-2022 йилларда хорижий молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилади. Воҳага 2021-2022 йилларда чет давлатлардан олиб келинадиган чорва молларини сотиб олиш учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига зарур кредитлар ваколатли банклар томонидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида мавжуд ресурслар ҳисобидан ажратилади.
Хулоса ўрнида айтганда, чорвачилик сердаромад соҳа ҳисобланади. Шунинг учун бу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим. Мазкур қарорнинг ижроси аҳолини сифатли ва арзон гўшт, гўшт ва сут маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда маҳсулот нархини барқарорлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг