Чироқчи туманида болаларнинг боғчага қамров даражаси 60 фоиздан ошади

19:30 13 Сентябр 2023 Жамият
619 0

Фото: “Халқ сўзи”

Чироқчи туманининг Ҳумо маҳалласида жойлашган 140 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти ўта таъмирталаб аҳволга келиб қолган ва бу ҳудуд аҳлининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди.

Жорий йилда эса ушбу муассаса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан капитал реконструкция қилиниб, қайтадан фойдаланишга топширилди. Энди маҳалладаги болажонлар замонавий қиёфа касб этган ва етарли шарт-шароитларга эга боғчада таълим ва тарбия олишади.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамровини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили юзлаб янги-янги давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари қурилиб, фойдаланишга топшириляпти. Натижа эса мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам замонавий боғчаларнинг кўпайиши, мактаб ёшигача бўлган болаларнинг таълим ва тарбияга қамраб олиш кўлами ошиб бораётганида намоён бўлмоқда.

Биргина Чироқчи тумани мисолида оладиган бўлсак, бундан беш-олти йил аввал ҳудудда саноқлигина мактабгача таълим муассасалари фаолият юритар, болаларнинг боғчага қамров даражаси эса 10 фоизга ҳам етмасди. Бугунги кунда эса туманда 279 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда.

— Уларнинг 20 таси давлат мактабгача таълим ташкилотлари бўлса, 7 таси давлат хусусий шериклик асосидаги ҳамда 252 та оилавий боғчалар ҳисобланади, — дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари ўринбосари Шавкат Бойжигитов. — Бугунги кунда ушбу МТТларида 13 минг 500 нафардан ошиқ бола таълим ва тарбия олмоқда. Бундан ташқари, Дурсун маҳалласида 150 ўринли, Буронжуз маҳалласида 90 ўринли давлат мактабгача таълим муассасалари янгидан қуриляпти. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан яна 50 та оилавий боғча очиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Ушбу муассасалар ҳам ишга туширилгач, яқин ойлар ичида туманда болаларнинг боғчага қамров даражаси яна 60 фоиздан ошади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер