Чилги ҳосил баракаси

17:39 13 Апрель 2022 Жамият
786 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти пиллакорлари жорий йилда 39 минг 168 қути ипак уруғини парваришлаб, 2 минг 233 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштиришни режалаштирган.

Айни пайтда вилоятда соҳани ривожлантириш, пиллачилик тармоғи корхоналари экспорт ва инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Бунинг самараси сифатида табиий ипак хом ашёси етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилиш кўлами кенгаймоқда.

— Ипак қурти уруғи етиштириш тўлиқ маҳаллийлаштирилиб, чилги ҳосил баракасини таъминлаш мақсадида замонавий лабораториялар ташкил этилди, — дейди Фарғона вилояти «Агропилла» МЧЖ раҳбари Мақсуджон Қосимов. — Бу йил вилоят бўйлаб ипак қурти уруғи 390 та инкубаторияларга жойлаштирилди. Ҳар бир килограмм пилла учун ўртача 24 минг 700 сўмдан нақд пул тўланади. Белгиланган имтиёзга кўра, пилла ҳосилининг ҳар бир килоси учун 5000 сўмдан субсидия берилади. Ўз навбатида ҳар бир қурт боқувчи бир йиллик иш стажига эга бўлади.

2022 йил ҳосили учун вилоятда 8 та пиллачилик кластери 4923 та фермер хўжаликлари ҳамда 39 минг нафардан зиёд касаначилар билан шартнома тузди. Мавсумий иш билан таъминланганларга керакли барча моддий ресурслар етказиб берилди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер