Чегарачилар учун шинам уйлар
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/“Халқ сўзи”. Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида ДХХ чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм шахсий таркиби оилалари учун фойдаланишга топширилган кўп қаватли тураржой биноси ҳам мард ўғлонлар учун кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир намунаси бўлди.
Бугун шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда вилоят ҳамда туман сектор раҳбарлари, ҳарбий қисм офицер ва аскарлари, уларнинг оила аъзолари, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Наманган вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Шавкат Абдураззоқов табрик сўзида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси, хусусан, ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталди. Чегарачиларни янги хонадонлар билан самимий қутлади.

— Биз Қашқадарёданмиз, бугун берилган янги хонадон замонавий қулайликлари билан жуда манзур бўлди, — дейди ҳарбий хизматчининг рафиқаси Улдон Дайновова. — Оиламизга кўрсатилган ғамхўрлик турмуш ўртоғимнинг ғайратига-ғайрат қўшади, албатта, бу ерда фарзандларимизни ҳар жиҳатдан комил инсон этиб тарбиялаймиз.
Дарҳақиқат, тўрт қаватли, 32 хонадонли ушбу тураржой биноси кенг ва ёруғ хоналари, муносиб турмуш кечириш учун яратилган бошқа шароитлари билан кўчиб кирувчиларни хурсанд қилди. Ҳудудда яратилган инфратузилма, айниқса, болалар майдончаси барчага бирдай маъқул тушди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг