Чавандозлар мактаби ёшларга чинакам ҳаёт сабоқларини бермоқда — Раҳматали Исақов
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 августдаги “Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 14 та ҳудудда Чавандозлар мактаби фаолияти йўлга қўйилган.
Бу борада Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси тасарруфида Чавандозлар мактаби, шаҳар-туманларда от спортининг конкур, улоқ кўпкари, учкураш турлари бўйича 16 та тўгараклар ташкил этилган. Ҳозирда ушбу тўгаракларда қарийб 300 нафар ўқувчи-ёшлар ўз маҳоратларини ошириб боришмоқда.
Шунингдек, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази Фарғона минтақавий филиали билан меморандум имзоланиб, марказ тарбияланувчилари учун бепул иппотерапия (от ёрдамида даволаш) хизмати фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда марказда даволанаётган 200 нафарга яқин болалар билан тиббий-ижтимоий реабилитация муолажалари олиб борилаётир.

— Ўтган даврда от спортининг “конкур” “учкураш” “от йўрттириш” турлари билан шуғулланувчи ўқувчиларимиз 18 маротаба Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида қатнашиб, 7 та олтин, 5 та кумуш ҳамда 6 та бронза медални қўлга киритишди, — дейди Чавандозлар мактаби директори, подполковник Раҳматали Исақов. — Энг муҳими ва асосийси, бу мактаб ёшларга чинакам ҳаёт сабоқларини бермоқда.
Айни пайтда 9 нафар ўқувчи-спортчимиз от спорти бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг