Бувайдада депутат кўмаги билан мактаб қурилди
Фарғона вилоятининг Бувайда тумани, Бегабод ҚФЙ, Олтинқўрғон МФЙ аҳолиси фарзандларининг таълим олиши учун қишлоқдан бир неча километр узоқликда жойлашган 12-умумий ўрта таълим мактабининг филиали сифатида янги мактаб биноси қуриб берилишини сўраб, давлат идораларига бир неча бор мурожаат қилади.
Мактаб филиали қурилиши 2016 йил давлат инвестиция дастурига киритилиши ҳақидаги жавобдан таскин топган Олтинқўрғон аҳолисининг “қурилиш дастурига кирмай қолди” деган гапдан ҳафсаласи пир бўлади.
Шундан сўнг маҳалла аҳли ушбу масалада ёрдам беришни сўраб ўзлари сайлаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Аваз Ўринбоевга хат билан мурожаат қилди.
Ўз навбатида, депутатнинг давлат идораларига қилган мурожаатидан сўнг мактаб биноси қурилишига киришилди. Оз эмас, кўп эмас, 210 ўринга мўлжалланган 2 қаватли замонавий мактаб биноси 6 ойда битказилиб, қишлоқ фарзандлари 2018-2019 ўқув йилини янги бинода бошлади. 12-умумий ўрта таълим мактабининг филиали сифатида ишлаётган мазкур илм даргоҳида бугун 1-6-синфгача бўлган 210 нафар қоракўз таълим-тарбия олмоқда.
— Депутатимиз саъй-ҳаракатлари билан қишлоғимиз аҳолиси неча-неча замонлардан бери кўнглига тугиб келган орзусига ниҳоят эришди, — дейилади Фарғона вилояти Бувайда Олтинқўрғон МФЙ аҳолиси оқсоқолларидан депутат Аваз Ўринбоев номига келган ташаккурнома мактубида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг