Булунғурда павлония плантациялари

16:18 15 Апрель 2022 Жамият
867 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд вилояти Булунғур туманида “Paradaise garden of Pavloniya” масъулияти чекланган жамияти томонидан 35 гектар майдонда павлония плантациялари ташкил этилган.

Маълумки, ушбу дарахтнинг баргларидан то илдизига қадар фойдали. Асл ватани Япония саналмиш ушбу дарахт ниҳолини йилнинг исталган фаслида ерга ўтқазиш мумкин, фақат ер музламаган бўлса бас. Тез ўсади, харажати кам.

Павлония дарахтининг ўзига хос ажойиб хусусиятларидан бири унинг тез ўсишидир. Бир аср умр кечирувчи ушбу дарахт ҳар 7-8 йилда кесилади ва 4-8 мартагача қайта ўсиб чиқади. Бу эса ерни тайёрлаш ва қайтадан кўчат экиш каби ортиқча оворагарчилик ҳамда сарф-харажатлардан озод этади.

— Павлония ниҳоли 4х4 схемада экилса, 1 гектар ер майдонига 625 дона ниҳол сиғади. Ниҳоллар тўғри парвариш қилинса, 6-8 йилда 1 кубометрдан 2 кубометргача ёғоч олиш мумкин. Бундан ташқари дарахтлар орасига экин экиб, асалари боқиб, кесилганида шохларини сотиб қўшимча даромад олиш имкони мавжуд — дейди МЧЖ иш бошқарувчиси Сожида Жаббарова. — Агарда 2х2 схемада экилса, даромад 2 ҳисса ортиши мумкин. Бунда 1 гектар ер майдонига 2500 дона ниҳол сиғади. Шохлари вақтида сийраклатиб, тўғри парвариш қилинса, дарахтлар 3-4 йилгача бир-бирига халақит бермайди. 3-4 йилдан сўнг оралатиб тенг ярмини кесиб сотилса, қолган тенг ярмини 6-8 йилда кесиб сотиш мумкин бўлади.

Мутахассисларнинг фикрича, павлония баргидан чорвада, саноатда биоёқилғи олишда фойдаланиш мумкин. Гулидан юқори сифатли, доривор асал олинади. Янада эътиборлиси, павлонияга қурт, куя тушмайди, ёғочи текис қурийди. Шу сабаб унга қурилиш саноатида талаб юқори.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер